Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида туман ИИОФМБ ХООБ бошлиғи ва 30 нафардан иборат инспекторлар иштирокида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш кунига бағишлаб, “Коррупция ривожланишимизга тўсиқ” мавзуида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди.
9 декабрь — Халқаро Коррупция га қарши кураш куни этиб белгиланганлиги бежиз эмас. Бу борада дунё мамлакатлари ҳам бу иллатнинг жамият ва давлат фаолиятига хавфли тўсиқ эканлигини англаб етганликларидан далолат.
Коррупция — бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.
Учрашувда сўзга чиққан туман суди судьяси Тимур Касимов «Коррупциянинг тарихий ўзаклари жуда-жуда қадимга бориб тақалиб, бу ҳол қабилада маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Ўша даврларда бу нормал ҳолат сифатида қабул қилинган. Бироқ давлат аппаратининг мураккаблашуви ва марказийлашуви коррупциянинг давлат ривожланишига катта тўсиқ эканлигини кўрсатди. Коррупцияга қарши курашган биринчи давлат сифатида қадимги Шумер давлати тан олинади. Қадимги давлатларни айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ ташвишга солганлиги бизгача сақланиб қолган манбалардан маълум. Чунки бу ҳолат давлатнинг обрўсига жуда қаттиқ путур етказарди.
XVIII асрнинг иккинчи ярмига келиб жамият давлат бошқарув аппаратининг иш сифатига тоборо кўпроқ таъсир кўрсата бошлади. Бу ўша даврда қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатларида ўз аксини топган. Жумладан, 1787 йилда қабул қилинган АҚШ Конституциясида пора олиш АҚШ президентини импечментга тортиш мумкин бўлган икки жиноятнинг бири сифатида кўрсатиб ўтилган. Сиёсий партияларнинг вужудга келиши ва уларнинг мамлакат ҳаётидаги ўрнининг ошиб бориши XIX-XX асрларда ривожланган давлатларда коррупция дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан анча камайишига олиб келди.
Аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги — аҳоли томонидан қонунларни билмаслик ёки тушунмаслик мансабдор шахсга ўзининг шахсий манфаати йўлида қонунлардан фойданишга қулай шароит яратади. Мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг нотинчлиги — мамлакатдаги нотинчлик биринчи навбатда аҳоли онгида ҳаётда юксак турмуш даражасига эришишнинг асосий усули қонунга хилоф фаолият билан боғлиқ деган мутлақо ахлоққа зид нуқтаи назар шаклланишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида коррупцияга қулай шароит яратади», дея жаҳон мамлакатларида коррупцияга қарши курашнинг икки хил усулларини айтиб ўтди. Улар қуйидагилар:
- Ички назорат — бу усул бошқарув аппаратининг ўзида назоратни кучайтирувчи тузилмалар (ҳар хил ички инспекциялар ва бошқа назорат органлари тузиш орқали) яратишни тақазо этади. Бу тузилманинг асосий вазифаси ходимларнинг ички этикет қоидаларига риоя қилишини назорат қилишдир. Ҳозирги кунда бизнинг юртимизда ҳам бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида айнан шу вазифани бажарувчи ички тузилмалар яратилган.
- Ташқи назорат — бу усулда ижро аппаратидан мустақил тузилмаларнинг мустақиллигини ошириш назарда тутилган. Айнан ушбу тузилмалар орқали коррупцияга қарши самарали кураш олиб борилади. Яъни, суд ҳокимиятининг максимал даражада мустақиллигига эришиш оммавий ахборот воситаларига кўпроқ эркинлик бериш ва ҳ.к.
«Сайлов тизими орқали курашиш — демократик давлатларда сайланган вакилларни коррупция учун жазолашнинг асосий усулларидан бири кейинги сайловларда унга овоз бермаслик ҳисобланади. Коррупцияга сайловлар орқали таъсир ўтказиш энг самарали усул ҳисобланади», - дейди туман суд раиси Алишер Жалилов.
Учрашувда коррупцияга қарши курашда юқори натижаларга эришган Швеция, Сингапур, Гонконг, Португалия каби давлатларнинг тажрибасини ўрганилганда, коррупцияни юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш коррупцияга қарши курашда муҳим ўрин эгаллаши, бунда Конституциявий назорат органлари, ҳуқуқ-тартибот органларининг аҳамияти ортиши, яъни, коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган нормаларни конституциявий назорат органи томонидан конституцияга зид деб топиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш каби методлардан унумли фойдаланиш ушбу давлатларни коррупция даражаси жуда паст бўлган давлатлар қаторига олиб чиқиши хусусида маълумот бериб, Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда қўлланилган усуллар ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтилди.
— Сингапур давлати 1965 йил мустақилликка эришгач, коррупция даражаси энг юқори бўлган давлатлар қаторида бўлган. Лекин бу иллатга қарши ўтказилган бир қатор тадбирлар бу давлатда коррупциянинг минимал даражага тушишига олиб келди. Биринчи навбатда бу ерда бюрократик жараёнлар енгиллаштирилиб, судьяларнинг даромадлари ва имтиёзларини ошириш эвазига суд тизимининг мустақиллиги оширилган. Шу билан бирга коррупция жиноятлари учун санкциялар оғирлаштирилиб, фуқароларга коррупцияга қарши жиноятларни тергов қилишда ҳамкорлик қилишда бош тортганлиги учун жуда катта молиявий санкциялар белгиланди. Бир қатор давлат идораларида оммавий "тозалашлар" ўтказилиб, бу жараёнлар телеканаллар орқали бутун мамлакатга намойиш қилинган. Мазкур санаб ўтилган омилларнинг ҳаммаси Сингапурни қисқа муддатларда коррупция даражаси энг паст мамлакатлар рўйхатида илғор давлатлар қаторига олиб чиқди. Шунингдек, давлат хизматчисининг ахлоқ стандартларига риоя этишини қаттиқ назорат остига олиш ҳам Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда муҳим дастаклардан бири бўлиб хизмат қилади.
Жиноятчи унсурларнинг хўжалик муносабатлари тизимини шакллантириш жараёнида фаол ва хуфёна иштирок этиши жамиятда ахлоқсизлик вазиятини туғдириши, бу эса ўз навбатида, мамлакат учун ҳам, жаҳон ҳамжамияти учун ҳам номақбул жиноий бозор иқтисодиётининг алоҳида тури шаклланишига олиб келишини кейинчалик БМТ томонидан ҳам тан олиниб, 2003 йил 9 декабрда Мексиканинг Мерида шаҳрида коррупцияга қарши курашишда давлатлар ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш мақсадида 3 кун давом этган конференция ташкил этилди. Бу конференция давомида 100 дан ортиқ давлат томонидан коррупцияга қарши халқаро конвенция имзоланди. Конференциянинг биринчи иш куни (9 декабрь) БМТ томонидан бутун дунёда коррупцияга қарши кураш куни деб эълон қилинган. Ушбу конвенциянинг қабул қилиниши ва кучга кириши (2003 йил 31 октябрь) дунё мамлакатларининг коррупцияга қарши курашдаги ҳамкорлигини янги поғонага кўтарди. Коррупцияга қарши курашда жаҳон мамлакатлари тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, фақатгина жиноий қонунчиликни оғирлаштириш йўли билан бу салбий иллатга қарши курашиб бўлмайди. ХХРда жуда кўп миқдорда пора олганлик учун ўлим жазоси мавжуд. Коррупция иллатини енгиш учун биринчи навбатда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқаролик институтлари фаолиятини кучайтириш лозим бўлади. Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самаралорлигини ошириш, давлат органлари, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини қайтиришга, коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадларига хизмат қилмоқда, - дейди жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди раиси Алишер Жалилов.
Қолаверса, судьялар учрашувда туман суди фаолиятида кўриб чиқилган коррупцияга оид жиноят ишларидан ҳам мисоллар келтириб, бу иллат билан курашиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини эслатиб ўтишди. Профилактика инспекторларининг фаолияти фуқароларнинг муаммолари билан боғлиқлиги, уларни ечишда қонуний ҳаракатларни амалга ошириш лозимлиги борасида ҳам тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди раиси Алишер Жалилов ва судья Тимур Касимов томонидан айни мавзу юзасидан Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги академик лицейда ҳам ўқитувчи ва 39 нафардан иборат талабалар иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Унда йиғилганларга коррупцияга қарши курашиш нафақат давлат органларининг, балки фуқароларнинг ҳам муҳим вазифаси экани таъкидланди. Туман суд раиси Алишер Жалилов “Шу сабабли бугунги ислоҳотларда фаол қатнашиш ва коррупцияга қарши курашишда ўз позициянгизни кўрсатишингизни сўрайман”, - дея коррупциянинг келиб чиқиши аввало ҳуқуқий маданиятнинг пастлигидан келиб чиқиши, агар фуқаролар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билса коррупция ҳолатлари сезиларли даражада камайишига урғу берди.