![](https://cdn.uza.uz/2021/07/18/06/08/xJ2ePytlEfmbT0j1c0oKTLDT2NddBfEn_normal.jpg)
Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармалари томонидан ташкил этилган матбуот анжумани айнан шу мавзуга қаратилди.
Тадбирда Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаларининг шаҳар, туман бўлимлари ҳамда филиал раҳбарлари “ZOOM” платформасида иштирок этди.
Матбуот анжуманида мамлакатимизда коррупцияга қарши самарали курашиш, унинг давлат, хўжалик бошқаруви органларининг нормал фаолият юритишига салбий таъсири, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида демократик ўзгартиришларни амалга ошириш, давлат хавфсизлиги ва барқарорлигини сақлашни таъминловчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга ва Конституцияга асосланган норматив-ҳуқуқий база яратилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли бўлиб, коррупция нафақат кундалик ижтимоий муносабатларни издан чиқарувчи, балки давлатларнинг ичидан емирилишига олиб келувчи иллатдир.
Коррупция – ҳар қандай давлатнинг ривожланиши, миллий хавфсизлигига таҳдид солиб, унинг конституциявий асослари, жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емиради, демократик институтлар ва қонун устуворлигини кучсизлантиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини жиддий тарзда бузилишига олиб келади.
![](https://cdn.uza.uz/2021/07/18/06/08/w5XlljJDrPlQtZZmYHqepivvEgt3PWuA_front.jpg)
– Шиддат билан ривожланиб бораётган замон биздан огоҳлик ва ҳушёрликни талаб қилади ва айни дамда коррупцияга қарши курашишдек муҳим масалага масъулият билан ёндошиш асосий вазифамиз бўлмоғи лозим, – дейди Кадастрлар палатаси Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Нодир Сидиков. – Ҳар бир ходим ўз вазифасига виждонан ёндошиб, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилмаса, нафақат ўзи ва оиласи, балки кадастр соҳасининг ҳам шаъни, обрўсини қалбан ҳис қила олса, ўшанда коррупцияга асло ўрин қолмайди, соҳамиз том маънода коррупциядан ҳоли соҳага айланади.
Тадбир сўнгида иштирокчилар мавзуга оид ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА