Бугунги кунда халқаро мутахассисларнинг фикрига кўра, давлатда қандайдир соҳада коррупция каби салбий иллатга қарши курашишлар амалга оширилмаса, айнан ўша соҳада ўсиш, ривожланиш бўлмайди...
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида бу иллатга қарши кураш олиб бориш нафақат давлат, жамият балки, ҳар бир фуқаро олдида турган асосий масалалардан бири эканлиги такрор-такрор таъкидланиб келинмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам бугун дунё шиддат билан ўзгариб, ривожланиб бораётган бир замонда коррупцияга қарши курашмаслик, унинг салбий оқибатларининг олдини олмаслик, жамиятдан ушбу муаммони яшириш ҳар қандай давлат ва соҳа учун салбий оқибатларни келтириб чиқариши муқаррар.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу салбий иллатга қарши кескин курашиш мақсадида идоралараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ушбу йўналишдаги илғор тажрибаларни қўллаш, оммалаштириш, бу борада юзага келаётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш, уни мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш юзасидан муайян ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилиниб, мустаҳкам ҳуқуқий-меʼёрий негиз яратилмоқда.
Бироқ, ушбу вазифаларни давлат органлари ва ташкилотлар томонидан бажарилиш сифатига баҳо берувчи, мониторингини олиб борувчи тизим мавжуд эмас эди. Қонунчиликдаги мазкур бўшлиққа барҳам бериш мақсадида 2022 йил 12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-81-сон «Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган мазкур қарор билан коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилмоқда.
Бунда, рейтинг баҳолаш бешта йўналиш бўйича белгиланган индикаторлар асосида амалга оширилади:
- давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ва амалиётга татбиқ этилганлиги;
- коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
- давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги;
- ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
- коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.
Рейтинг баҳолаш тизими, дастлаб эксперимент тариқасида ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган 26 та давлат ташкилотлари фаолиятига, 2022 йил 1 июлдан бошлаб барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилади.
Эътиборлиси, рейтинг баҳолаш “E-Anticor.uz” электрон платформаси орқали ташкил этилади. Бу эса рейтинг шакллантиришда тўлиқ объективлик ва шаффофликни таъминлайди.
Рейтинг баҳолаш ишларида фуқаролик жамияти институти вакилларининг иштироки ҳам назарда тутилмоқда. Хусусан, рейтинг баҳолаш натижаларининг холислигини текшириш мақсадида камида 30 фоизи фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлган рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи шакллантирилади.
Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, фаолият самарадорлиги «яхши», «қониқарли» ва «қониқарсиз» тоифаларга ажратилади.
Бунда, фаолияти:
«яхши» деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибасини оммалаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланади ва амалга оширилади;
«қониқарли» деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритилади;
«қониқарсиз» деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Унинг ижроси юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг йиғилишларида эшитилади. Кетма-кет икки йил давомида коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги «қониқарсиз» деб топилган давлат ташкилотлари раҳбарларига белгиланган тартибда интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилади.
Ушбу рейтинг баҳолаш бўйича миллий тизим давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашишга ягона ёндашувни шакллантириш, раҳбарларнинг ушбу йўналишдаги масъулиятини ошириш ва мамлакатнинг тегишли халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга хизмат қилади. Президентимиз томонидан имзоланган ушбу Фармон ва Қарор нафақат барча давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига, қолаверса, ҳар бир фуқароларга коррупцияга қарши курашишда улкан масъулият юклайди.
Бу маъсулиятли вазифани амалга оширишда энг муҳим масала юртдошларимизда коррупцияга, умуман олганда ҳар қандай кўринишдаги қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфиятини мунтазам равишда шакллантириш талаб этилади.
Ўз навбатида, 2021 йил январь ойида эълон қилинган “Transparency International” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2020 йил бўйича «Коррупцияни қабул қилиш индекси» рейтингида Ўзбекистон 180 та давлат орасида 26 балл билан 146-ўринни эгаллаб, 7 поғонага кўтарилди. 2019 йилда Ўзбекистон 25 балл билан 153-ўринни эгаллаган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 23 балл билан 158-ўринни ташкил этди. Ўзбекистон икки йил ичида 12 поғонага юқорилаб, Марказий Осиё минтақасида коррупцияга қарши курашишда сезиларли ижобий кўрсаткични намойиш этди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатда коррупцияга қарши кураш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарали натижалар бераётганига далолатдир.
Ирина Хакимова,
Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси