Коррупцияга қарши курашиш барчанинг бурчи
“Ўзмиллийбанк” АЖ Навоий вилояти бош бошқармасида “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” доирасида тадбир ташкил этилди.
Бугунги кунда юртимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан биридир. Буни сўнгги йилларда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
[gallery-14757]
– Коррупция ҳозирги кунда трансмиллий ҳолат ҳисоблангани боис, бутун дунё ҳамжамиятига хавф туғдирмоқда, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ вилоят бош бошқармаси бошлиғи Шерзод Насруллаев. – Банк тизимида ҳам коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриш, уни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабаб ва шарт-шароитларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш бўйича самарали тизимни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Банк ходимлари ўртасида коррупцион ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик, банк ички тартиб-қоидаларига риоя этилиши юзасидан мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади. Жорий йилнинг ўтган даврида ходимлар ва мижозлар билан 32 маротаба турли йўналишдаги профилактик тадбир ўтказилди. 20 га яқин давра суҳбати ташкил этилиб, уларда ушбу жиноят оқибатлари хусусида атрофлича сўз юритилди.
Айни пайтда бошқармада хавфсизлик, режим ва ахборотни ҳимоялаш бўлими – Коррупцияга қарши курашиш (комплаенс назорат) хизмати томонидан ушбу иллатнинг олдини олиш юзасидан аниқ вазифалар ва қилиниши лозим бўлган ишлар белгилаб олинган. Натижада 2021-2023 йиллар давомида банк ходимлари томонидан бирор бир ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этиш ҳолатларига йўл қўйилмади.
Тадбирда банк тизимида коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриш, уни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари