
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорликда “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги”ни ўтказмоқда.
Партиянинг Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан Юқори Чирчиқ туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабида “Аҳолининг коррупцияга қарши курашишда фаоллигини ошириш – қонун устуворлигининг гарови” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова, партиянинг туман Кенгаши раиси Искандер Алашбаев, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, Қорасув ва Маърифат маҳалла хотин-қизлар фаоллари, таълим муассасаси педагог-ходимлари қатнашди.


Юқори Чирчиқ туман ҳоким ўринбосари Махпал Айтматова ҳамда адлия маслаҳатчиси Умида Эргашева, коррупциянинг хавф-хатарларидан аҳоли ва ёшларни хабардор қилиш, ушбу иллатга имконият яратувчи сабаблар, шарт-шароитлар ва оқибатларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги ҳақида маъруза қилди.


Шунингдек, “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова ўз сўзида аҳолининг барча қатлам вакиллари, хусусан, келажак эгалари бўлган ёшларнинг коррупцияга қарши муросасиз руҳда таълим-тарбия олиши муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

– Жойларда аҳоли билан ўтказаётган суҳбатлар самарали бўлмоқда, – дейди “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Г.Аҳмедова. – Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш мақсадларига фақат ташкилий-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ўйлаймизки, жамият кушандаси бўлган ушбу иллатга қарши курашда нафақат давлат ташкилотлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдир. Ишонаманки, ойлик доирасидаги сарҳисобларимиз кўнгилдагидек бўлади.
А.Мусаев,ЎзА