Давлат божхона қўмитасида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишлаб Антикоррупцион ҳафталик доирасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда асосий эътибор давлат божхона хизмати органлари фаолиятининг очиқлиги, жамоатчилик ва фуқаролар олдида ҳисобдорлигини таъминлаш, улар фаолиятида коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганишга қаратилди.
Давлат божхона қўмитаси раиси М.Азимов божхона тизимидаги коррупцион ҳолатлар, уларни келтириб чиқарувчи омиллар ҳақида айтиб ўтди.
– Божхона шаффофлигини таъминлаш ҳамда коррупцион ва салбий иллатларни олдини олиш мақсадида божхона органлари ходимлари устидан 200 дан зиёд хизмат текшируви ўтказилди. Бу жараёнда турли қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 350 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди. 17 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилди. 10 нафар божхона ходими вазифасидан озод этилди.
Товарларнинг божхона қийматини белгилашда, уни аниқлаш ва ҳисоблашда, товарларнинг таркибини аниқлаш, яъни экспертизадан ўтказишда, имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш жараёнида коррупция ҳолатлари юзага келиши мумкин. Бундан ташқари, товарларни расмийлаштириш, кўрикдан ўтказиш жараёнларини коррупцион ҳолатларни келтириб чиқарувчи омил сифатида кўриш мумкин.
Яқинда ташкил қилинган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур йўналишдаги вазифалар ижросини тизимли ташкил этишга хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мазкур агентлик билан Давлат божхона қўмитаси ўртасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ўзаро имзоланган “Давлат божхона қўмитаси тизимида коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш бўйича “Йўл харитаси” асосида жадал равишда иш олиб борилмоқда.
Ушбу “Йўл харитаси”да соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш ҳамда божхона процедураларини рақамлаштириш ҳисобига божхона расмийлаштирувини соддалаштириш ва мавжуд бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, коррупция билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатларни бошланиш босқичини ўзида аниқлаш ва уларга шароит яратувчи омилларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, коррупцияга қарши қаратилган профилактика-тарғибот тадбирларини янада кучайтириш ҳамда мувофиқлик тизимини такомиллаштириш, божхона расмийлаштируви жараёнида инсон омилини қисқартириш, коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик – “compliance control” тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбирда Давлат божхона қўмитаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Божхона органларида коррупцияга қарши кураш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан брифинг ўтказилди.
Брифингда маълум қилинишича, сўнгги 3 йилда божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳамда соҳани тубдан ислоҳ қилишга қаратилган 100 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилинган.
Расмийлаштирув жараёнидаги ҳужжатлар салмоғи қисқартирилиб, илгари ҳар бир расмийлаштирувда тақдим этилиши шарт бўлган 10 дан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари ва ТИФ ТН коди бўйича экспертиза хулосасини тақдим этиш каби талаблар, айрим товарларнинг экспорт жараёнида контрактларни ҳисобга қўйиш шартлари бекор қилинди.
Соҳага илғор ва инновацион технологияларни жорий қилиниши ҳисобига божхона юк декларацияларини автоматик рўйхатга олиш ва тақсимлаш жорий этилди. Натижада, илгари ушбу жараёнга 2-3 соат вақт сарфланган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 1-2 дақиқани ташкил қилмоқда.
Божхона тўловларини мобиль-банкинг хизмати орқали онлайн ўтказиш йўлга қўйилиши натижасида 2020 йилнинг 10 ойи давомида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари бевосита банкларга бормасдан туриб, 110 миллиард сўмлик божхона тўловларини амалга оширишди.
Муҳим янгиликлардан бири –– бу соҳага “Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизимининг амалиётга жорий этилиши натижасида товарлар ва транспорт воситаларини 100 фоиз божхона назоратидан ўтказишдек самарасиз усулдан воз кечилиб, бугунги кунда 65 фоиздан ортиқ юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда.
Жорий йилнинг 1 январидан Давлат божхона қўмитаси ва бир қатор вазирлик, идоралар ҳамкорлигида рухсатнома ҳужжатлари ва сертификатларни электрон кўринишда расмийлаштириш имконини берувчи “Ягона дарча” божхона ахборот тизими ишга туширилди.
Бугунги кунда божхона органларида жами 56 та ахборот тизимлари ва 30 та интерактив хизматлари амалиётга жорий этилди. Божхона ходимларининг фаолиятини жисмоний ва юридик шахслар томонидан онлайн тартибда баҳолаш тизими ишга туширилган. Ушбу тизим ҳозирда янада такомиллаштирилмоқда.
Тадбир иштирокчилари видеоконференция кўмагида Тошкент вилоятидаги “Яллама”, Бухоро вилоятидаги “Олот” ҳамда Сурхондарё вилоятидаги “Айритом” чегара-божхона пости фаолиятини онлайн равишда кузатиш имконига эга бўлишди.
Божхона органларида “комплаенс-назорат” тизимини қўллашда хорижий давлатларнинг илғор тажрибасидан кенг фойдаланишга, тизимда коррупцияни келтириб чиқариш хатарлари мавжуд бўлган соҳаларни аниқлашга қаратилган ижтимоий сўровлар ўтказишга ҳам эътибор қаратилади.
Хавф даражаси паст бўлган товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнларини босқичма-босқич инсон омилини аралаштирмаган ҳолда автоматик расмийлаштиришни жорий этиш ҳам олдиндаги муҳим режалардан бири ҳисобланади.
Иштирокчилар божхона органлари фаолиятига татбиқ қилинган замонавий технологиялар ва назорат-техник воситаларининг кўргазмаси билан танишишди.
Чегарадош Қирғизистон Республикаси билан 5 та ва Тожикистон Республикаси билан 9 та ўтказиш пунктларида аввалги йилларда ўрнатилган чекловлар бекор қилиниб, фуқаро ва транспорт воситалари ҳаракати тўлиқ тикланди.
Натижада, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган фуқаролар сони 2,5 баробарга, автотранспорт воситалари сони деярли 4 баробарга ортди.
Бу эса, ўз навбатида, чегара божхона постлари ва уларга туташ ҳудудлардаги инфратузилма объектларини ривожлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва назорат техник воситалари билан етарли миқдорда жиҳозлаш, тирбандликларни келиб чиқишини олдини олиш мақсадида уларнинг ўтказувчанлигини оширишни тақозо этмоқда.
Бугунги кунда, божхона органлари тасарруфида мавжуд 110 та божхона постлари, 19 та инспекцион кўрик мажмуаси, 15 та инсон танасини сканер қилувчи қурилма, 216 та рентген аппарати, 1 минг 287 та радиацион портал монитор, 30 та автотарози, 19 та автотранспорт воситалари давлат рақамларини аниқлаш тизими, 163 та контрабанда ашёларини аниқлаш жамланмалари, 131 та муқим ва 302 та қўлда олиб юрилувчи металлодетекторлар билан жиҳозланган.
Ўз ўрнида автотранспорт ва фуқаролар ҳаракати ортиши назорат –техник воситаларини божхона фаолиятида, айниқса, товарлар ва контрабанда ашёларини аниқланишида муҳим аҳамият касб этишини инобатга олиб, чегара божхона постларини қўшимча назорат – техник воситалари билан жиҳозлаш ишлари изчиллик билан давом эттирилмоқда. Мазкур ислоҳотларнинг барчаси коррупцион ҳолатларни олдини олишда катта қадам бўлмоқда.
“Очиқ эшиклар куни” доирасида иштирокчилар Давлат божхона қўмитасининг “Божхона тарихи” музейи билан ҳам танишдилар.
[gallery-265]
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА