Муносабат
Ўзбекистон ўз олдига қўйган улкан мақсадларга эришиш, мамлакат тараққиётини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, Учинчи Ренессанс учун шароитлар яратиш учун туб ислоҳотларни амалга оширмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ислоҳотлар йўлидаги асосий тўсиқ коррупция эканини бир неча бор таъкидлаган. Коррупция барқарор ривожланиш, миллий хавфсизликка жиддий хавф солиб, давлатга, қабул қилинаётган қонун ва олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган ишончни пасайтиради.
Шу боис Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш, унинг барча даражалардаги сабабларини бартараф этиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 21 апрелдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Ушбу ҳужжат Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 5 март куни бўлиб ўтган йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган. Мазкур тузилма коррупция ҳолатларининг сабабларини бартараф этишга қаратилган профилактик чораларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, жумладан, коррупцияга қарши тўсиқ бўлиб хизмат қиладиган, ОАВ орқали коррупция муаммоларини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган шаффоф ва очиқ муҳитни шакллантириш билан шуғулланади.
2017 йилдан буён расман амал қилиб келаётган тартибнинг қайта ташкил этилиши муҳим қарорлардан бири бўлди. Унга кўра, туманлар (шаҳарлар) ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар шакллантирилиб, уларга ҳокимият, прокуратура, ички ишлар органлари, солиқ хизмати раҳбарлари масъул этиб белгиланган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ сектор тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органининг кўмаклашувчи коллегиал ишчи тузилмаси ҳисобланган.
Президентимизнинг шу йил 21 апрелдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига биноан прокуратура, ички ишлар органлари, солиқ идоралари раҳбарлари секторлар фаолияти бўйича юклатилган вазифалардан озод этилади. Уларнинг ўрнига секторлар ишига Бош вазир ўринбосарлари ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари масъул этиб белгиланди.
Шунингдек, инвестиция лойиҳаларининг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими билан қамраб олинганлик даражасини янада ошириш, коррупцияга қарши халқаро стандартларни жорий қилиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Давлат харидларини амалга оширишда эса ўртача бозор нархи ўртасидаги тафовутнинг энг кўп йўл қўйиладиган чегарасидан четга чиққанлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Бундан ташқари, парламент органларининг роли ҳам кучайтирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева раҳбарлигидаги Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш зиммасига коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг ваколатлар юклатилмоқда. Олий Мажлиснинг ҳар икки палатасига бюджетдан энг кўп маблағ оладиган учта вазирлик ва идораларда коррупциявий омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича ҳар йили таклифлар киритиш, вазир ва ҳокимлар лавозимига номзодлар томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режа ҳимоя қилинишига оид тартибни қонун ҳужжатларида белгилаш, халқаро тажриба асосида кибермакон соҳасидаги ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаларини амалга ошириш тавсия этилади. Бундан ташқари, “Жиноятчиликка қарши курашиш ҳафталиги” давомида тегишли органлар фаолияти самарадорлигини ошириш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга зарур ўзгартиришлар киритиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида масъул идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ҳар ойда коррупциявий хавф-хатарларга энг кўп дуч келадиган маҳаллаларга бориб, бу ҳодисаларнинг сабабларини чуқур ўрганиш бўйича амалий ишлар режасини ишлаб чиқиши ва амалга ошириши зарур.
Парламент роли ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда сиёсий партиялар иштирокини кучайтириш масаласи ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, коррупцияга қарши курашиш “Адолат” партияси фаолиятининг устувор йўналиши ҳисоблаб, яширин иқтисодиётга бу борадаги асосий соҳа деб қарайди. Партия дастурида яширин иқтисодиётга қарши курашиш мақсадида ноқонуний иқтисодий фаолиятни мониторинг қилиш ва унга чек қўйиш билан шуғулланувчи давлат назорат органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чораларини кўриш зарурлиги белгиланган. Уларнинг самарадорлиги ва шаффофлигини оширишга, техник жиҳозланишига, жумладан, назорат ва таҳлил қилиш бўйича рақамли воситалар жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Шу билан бирга, фуқароларда рақамли иқтисодиётга оид асосий билим ва амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган маърифий тизим ишга туширилади. Бу нафақат ҳуқуқий ва иқтисодий маданият даражасини оширишни, балки қонуний тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароит яратишга хизмат қиладиган ўқув дастурлари, ахборот кампаниялари ва рақамли саводхонликни ривожлантиришни ҳам ўз ичига олади.
Бундай чора-тадбирлар давлат институтларига бўлган ишончни мустаҳкамлашга, норасмий иқтисодий амалиётлар даражасини камайтиришга ҳамда фуқаролар ва бизнесни қонунийлик, очиқлик ва имкониятлар тенглигига асосланган рақамли экотизимга фаол жалб қилишга ёрдам бериши керак.
Бундан ташқари, “Адолат” партияси давлат бюджетига келиб тушадиган барча тушумлар алоҳида вазирлик ва идоралар даромадлари таркибига киритилмасдан, тўғридан-тўғри давлат бюджетига йўналтирилиши тарафдори бўлиб, давлат харидлари соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштириш, давлат маблағларининг тақсимланиши ва сарфланишида шаффофликни таъминлаш омили сифатида рақамли ечимларни янада кенгроқ жорий этиш қарорини қўллаб-қувватлайди.
“Адолат” партияси катта миқдордаги зарарни мажбурий равишда қоплашни назарда тутган ҳолда коррупцияга нисбатан қатъий қонунчилик нормаларини жорий қилиш, коррупциянинг туб сабаб ва омилларини илдизи билан йўқ қилиш учун бу борадаги тадқиқотларни кенгайтириш, хорижга ноқонуний олиб чиқиб кетилган активларни қайтариш ва уларни ижтимоий эҳтиёжларга йўналтириш механизмларини ишлаб чиқиш, ушбу соҳадаги асосий мувофиқлаштирувчи тузилма сифатида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ваколатларини кенгайтириш, ёшларда коррупцияга қарши курашиш дунёқарашини шакллантириш, давлат хизматчиларини ротация қилиш тизимини жорий қилиш зарур, деб ҳисоблайди.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда коррупцияни тубдан йўқ қилиш сиёсати тизимли тусга эга бўлиб, Президентимизнинг “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бунинг тасдиғидир. Бу чора-тадбирлар давлат бюджети маблағларидан ноқонуний фойдаланиш, камомад, ўғрилик каби коррупция ҳолатларига мамлакатимизнинг изчил ривожланиши йўлида тўсқинлик қилаётган асосий омиллар сифатида қарайдиган мамлакатимиздаги барча сиёсий кучлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Нодира РАШИДОВА,
“Адолат” СДП фракция аъзоси,
Олий Мажлиси депутати