Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” доирасида кенг қамровли тадбирлар, давра суҳбатлари ва маърифий учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Асосий мақсад коррупция иллатининг илдизини қирқиш, унинг жамият ва фуқаролар ҳаётига етказадиган зарарларини кенг жамоатчиликка тушунтиришдир. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Тошкент вилояти бошқармасида “Аҳолининг коррупцияга қарши курашишда фаоллигини ошириш – қонун устуворлиги гарови” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова ҳамда вилоятнинг маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этди.
Тадбирда Гулнора Аҳмедова сўзга чиқиб, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жамоатчилик назоратининг аҳамияти, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки муҳим эканини таъкидлади. Айниқса, маҳаллаларда коррупцияга қарши кураш ишларини олиб бориш жуда муҳимлиги, жамоатчиликнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жиноятларнинг олдини олиш бош вазифа қилиб белгилангани айтилди.

Шунингдек, Нурафшон шаҳридаги “Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да ҳам ушбу мавзуда мулоқот ташкил этилиб, шаҳарнинг “Ёшлик” ҳамда “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари иштирок этди. Тадбирда ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари ҳам сўзга чиқиб, кундалик ҳаётда учраётган салбий ҳолатлар ҳақида маълумот берди.
А.Мусаев, ЎзА