“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон ҳудудий филиали томонидан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бу борада қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
–Халқаро стандартлар асосида яширин иқтисодиётнинг олдини олиш юзасидан 21 та ички меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилди ва шулар асосида ишлар олиб борилмоқда. Шаҳар ва туман электр тармоқлари корхоналарида коррупцияни йўқ қилишга эришиш, коррупцияга қарши муносабатларни тузиш, жамият фаолиятининг барча соҳаларида унинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупциянинг оқибатлари, унга олиб келувчи омиллар ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, қонун бўйича коррупциявий ҳуқуқбузарлик учун қатъий жавобгарликка тортиш белгиланган, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон ҳудудий филиалининг Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат бўлими бошлиғи Ильнур Маҳмудов.
Бўлим томонидан шу йил бошида филиал барча ходимларидан коррупция ҳолатларига қарши курашиш коррупцияга қўл урмаслик бўйича кафолат хатлари олиниб ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларациялар тўлдирилди. Бугунги кунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан ҳамкорликда қонунбузарликка йўл қўймаслик ва унинг олдини олиш мақсадида биргаликда рейдлар ўтказиш йўлга қўйилди.
2025 йил январь-май ойлари давомида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан биргаликда бошқармада 8, шаҳар ва туман бўлимларида 29 маротаба йиғилиш ўтказилди. Шундан нафақат шаҳар ва туманларда, балки чекка овул фуқаролар йиғинларида яшовчи фуқаролар орасида ҳам 8 марта йиғилиш ўтказилиб, уларга агарда электр тармоқлари корхонаси ходимлари томонидан коррупцион ҳолатларга дуч келган ҳолатда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон ҳудудий филиалининг Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат бўлимида автоматик тарзда ишонч телефони борлиги тушунтирилди.
2025 йилнинг январь-май ойлари давомида бўлим томонидан 18 та хизмат текшируви ўтказилди ва истеъмолчилар томонидан ноқонуний электр энергиясидан фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, корхонамизга 1 миллиард 967 миллион 936 минг 688 сўм миқдорида зарар етказганлиги маълум бўлди ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири