Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалида коррупцияга қарши курашиш бўйича давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда сиёсий партиялар, депутатлар, юридик соҳаси вакиллари ҳамда тиббиёт муассасаси раҳбарлари иштирок этди.
Давра суҳбатида “Адолат” социал-демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов, партиянинг Бухоро шаҳар Кенгаши раиси Абдурауф Аҳмедов, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Фарҳод Ихтиёров, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси адвокати Анвар Раҳматов ва муассаса бош шифокори Ғафур Саидов қатнашди.

Тадбир давомида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари, фуқаролик жамияти институтларининг роли, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимида шаффофлик ва адолатли бошқарувни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. “Адолат”партияси вакиллари коррупциянинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ходимлар ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтириш муҳимлигини қайд этди.

Худди шундай тадбир Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалида ҳам бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида коррупция тушунчаси, унинг салбий оқибатлари, жамият тараққиётига етказаётган зарари ҳақида атрофлича сўз юритилди. Шунингдек, депутатлар ва мутахассислар томонидан коррупцияга қарши курашда фуқаролик позицияси муҳим ўрин тутиши, ҳар бир шахс ҳуқуқбузарликларга бефарқ бўлмаслиги алоҳида қайд этилди.

Суҳбат якунида барчага коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши кескин муносабатда бўлиш, қонун устуворлигини таъминлашда фаол иштирок этиш зарурлиги ҳақида мурожаат қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.