Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз
Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида бўлиб ўтган очиқ эшиклар куни “Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш” мавзусига бағишланди.
Таъкидланишича, бошқарма ва таркибий тузилмалари шахсий таркиби ўртасида коррупцияга қарши курашиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, бошқарма ва шаҳар-туман фавқулодда вазиятлар бўлимларида коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссиялар тузилиб, уларнинг иш фаолияти бошқарма шахсий хавфсизлик бўлими томонидан назоратга олинди.

Ҳарбий хизматчилар ва хизматчилар иштирокида шахсий таркибнинг коррупцияга қарши курашишда муросасиз муносабатда бўлишига қаратилган профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Шахсий таркиб билан коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда.

Шахсий таркибнинг ҳар бирига коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик, порахўрлик ва тамагирлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда қонунчиликка риоя қилиш борасида тарғибот материаллари тарқатилмоқда.
Коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича бошқарма, шаҳар-туман фавқулодда вазиятлар бўлимлари ҳамда объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлим ва бўлинмалари ёнғин-қутқарув қисмларида бошқарма шахсий хавфсизлик бўлими, ҳарбий прокуратуранинг ишонч телефонлари ёзилган баннерлар шахсий таркиб учун ўрнатилди.

Фуқаролар ва шахсий таркибнинг мурожаатлари учун “Telegram” ижтимоий тармоғида бошқарма шахсий хавфсизлик бўлимининг Antikor_qashqadaryo_FVB_bot номли бот ишлаб чиқилган.
Ходимларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларининг олдини олиш, бартараф этиш борасидаги профилактик тадбирларни амалга ошириш ва бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар яъни, давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси, Қарши ҳарбий прокуратураси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари билан мунтазам ҳамкорлик қилиб келинмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири