Коррупция жамиятни издан чиқаради
Андижон вилояти халқ таълими бошқармасида таълим муассасаларида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси ходимлари, туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари мудирлари иштирокида ўтказилган йиғилишда кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, айниқса, таълим тизимини коррупциядан холи тизимга айлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Йиғилишда бошқарма бошлиғи Гулҳаё Омонова вилоят халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, уни келтириб чиқарувчи омилларга қарши муросасиз курашиш, устоз-педагогларни мажбурий ишларига жалб этмаслик, педагогларга бериладиган ҳар қандай кўрсатма ва топшириқ қонун доирасида бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.
[gallery-9684]
– Коррупция таълим тизимини, умуман, жамиятни издан чиқарадиган, парокандаликка олиб келадиган иллат, – дейди Г. Омонова. – Шу боис ҳам, ушбу иллатга қарши муросасиз курашишимиз, бунинг учун айниқса, тизимдаги ҳар бир раҳбар масъул эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Шунингдек, йиғилишда мактабларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари ҳам атрофлича муҳокама этилди. Туман, шаҳар халқ таълими бўлимларида ташкил этилган штабларнинг самарали фаолиятини таъминлаш, юзага келаётган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, умуман, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш юзасидан топшириқлар берилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА