Коррупция – жамият кушандаси
Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари учун коррупциянинг олдини олиш юзасидан тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда коррупцияга қарши фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар ҳамда уларнинг ваколатлари, коррупция ҳолатларида жавобгарлик чоралари ва жазо муқаррарлиги тўғрисида атрофлича маълумот бериб ўтилди.

Тадбирда коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунчилик ҳақида сўз юритилиб, иштирокчиларга коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатлари ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши оқибатида келиб чиқиши хусусида тушунчалар берилди.

Жумладан, қонунда пора олиш, бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун Жиноят кодексининг 210, 211 ва 212-моддаларида жиноий жавобгарликлар белгилангани, мазкур жиноятни содир этганларга нисбатан содир этилган қилмишнинг тавсифланишига қараб ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкинлиги ва коррупцияга оид бошқа маълумотлар келтириб ўтилди.

Шу билан бирга, тадбирда жамиятда кўп учраётган коррупциявий ҳолатлар ва уларнинг оқибатлари ҳақидаги видеоролик ҳам намойиш этилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА