Коррупция – тараққиёт йўлига ғов
Демократия ва қонун устуворлиги ҳукм сурган жамиятимизда тараққиётимизга ғов бўлаётган айрим ҳолатлар учраб туриши ниҳоятда ачинарли ҳол.
Улардан бири маънавий жиҳатдан қашшоқ амалдор ёки бирор касб эгасининг нафси билан боғлиқ порахўрликдир. Коррупция ҳалол фаолиятга соя солади, тараққиётнинг йўлига ғов бўлади.
“Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик маълумотларига доир тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўз вақтида хабар берган фуқаролар ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган.

Мамлакатимизда иқтисодиётимиз янада жадал суръатлар билан ривожланишини, эзгу ният ва мақсадлар билан яшаётган халқимиз турмуши фаровонлиги таъминланишини, барча соҳада улкан ютуқларга эришишимизни истаган ҳар бир юртдошимиз жамиятдаги бу манфур иллатнинг илдизини қуритишда дахлдор масъул идораларнинг вакилларига мадад беришда фаоллик намунасини кўрсатиши керак.
Коррупцияга қарши амалга оширилаётган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда эзгу мақсад йўлида бирлашишимиз ва ҳаммаслак бўлишимизни давр тақозо этмоқда. Давлат идораларида ўзига ишониб топширилган лавозим курсисига номуносиб амалдорлар ўзининг қабулига катта умид ва ишонч билан борган фуқаронинг муаммосини холисона ижобий ҳал қилиб беришдан олдин пасткашлик билан унга тамагирлик қилса, пора эвазига ўзининг виждонини сотса, аввало бу ҳаракати бурчига ва муассасани табаррук жой деб билган оддийгина инсонга нисбатан хиёнатдир.

Мансаб мавқеини суиистеъмол қилган нобакор раҳбар фуқаролар қаршисида ҳокимиятдаги бошқарув обрўсига путур етказади, одамларнинг соғлом онгида давлат идораси ҳақида нотўғри тасаввурни пайдо қилдиради, ҳуқуқий, иқтисодий йўналишда таназзул вужудга келишининг олдини олишга халақит беради.
Жамиятимизда салбий коррупцион ҳолатларни бартараф этишда барчамиз ижтимоий ҳодисаларга бефарқ бўлмай, огоҳлик ва ҳушёрлик билан оқилона ёндашиб, қонун ҳимоячилари ва жамоатчилик билан ҳамкорликда муносиб ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор.
Бошқармамиз томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ташкил қилинмоқда, шунингдек тарбиявий аҳамиятга эга бўлган видеороликлар тайёрланиб мунтазам равишда ходимларга намойиш этилаётир.
Ходимларимизнинг хизматга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш, улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳар қандай қонунбузилиши ҳолатларни олдини олиш, ходимлар ўртасида соғлом ишчанлик муҳитини шакллантириш мақсадида, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида юзлаб ходимларнинг оила-аъзолари билан учрашувлар ташкил этдик. Шунингдек, бошқарма ходимлари фаолиятида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини мониторинг қилиш йўналишида ҳар чоракда аноним сўровномалар ўтказиб келинмоқда.
Бундан ташқари, бошқарманинг кенгайтирилган йиғилишларида барча ходимлар ўз хизмат вазифаларини ҳалол, виждонан, юқори профессионал даражада ва ваколатларидан четга чиқмаган ҳолда бажариши, ҳар қандай вазиятда божхона ходими шаъни ва қадр-қимматини сақлаши, одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши, камтар, хушмуомалада бўлиши уқтириб келинмоқда.
Ҳар қандай фуқаро Давлат божхона хизмати органларининг хизмат фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳар қандай масала юзасидан Давлат божхона қўмитасининг “11-08” қисқа ва Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг (67) 225-48-67 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиши мумкин.
Коррупцияга қарши кураш – фақат божхона ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининггина эмас, балки ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлмоғи лозим. Зеро шундагина жамиятимиз тараққиётига ғов бўлаётган иллатдан холи бўламиз. Коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишда бошқармамизнинг аҳил жамоаси бор куч-ғайратини ишга солишига имоним комил. Зеро бу курашда Сиз - азиз ватандошлар бизга, биз сизларга камарбаста бўлайлик. Янгиланаётган – Янги Ўзбекистонда коррупцияга ўрин йўқ.
Анвар КАРАБАЕВ,
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати раҳбари, подполковник