Коррупция – тараққиёт кушандаси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги 10-умумтаълим мактабида “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” доирасида навбатдаги тарғибот тадбири ташкил этилди. Унда педагоглар ва юқори синф ўқувчилари фаол иштирок этди.
Тадбирда Марғилон шаҳар прокурори ўринбосари Рустам Мелибоев, вилоят ИИБнинг коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходими Рустам Абдуллаев, Марғилон туманлараро суди судьяси Азамат Темиров, шаҳар Адлия бўлими вакили Фарҳод Ўктамов ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари қатнашди.
[gallery-22832]
Тадбирни “Адолат” социал-демократик партияси вилоят Кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева очиб берди. У ўз нутқида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Миллий кенгашининг йиғилишида илгари сурилган ташаббуслар ва топшириқларнинг ижроси доирасида партия масъуллари томонидан олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Мутасаддилар томонидан коррупциянинг жамият тараққиётига салбий таъсири, уни олдини олишда қонун устуворлигининг аҳамияти, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш зарурлиги борасида фикрлар билдирилди.
Мулоқот шаклида ўтган тадбирда ўқувчилар мутахассисларга ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича мурожаат қилиб, тегишли жавоблар олди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА