Коррупция: талабанинг “қўлига қараш” йўқ
Коррупциоген ҳолатлар кўп учрайдиган соҳа сифатида олий таълим тизимининг айтилиши жамиятимизда оддий ҳолга айлангандек. Куни кеча матбуот саҳифаларида эълон қилинган маълумот ҳам дилни хира қилади. Лекин, келинг, олий таълим тизимига охирги йилларда жорий қилинган янгиликларни, ўзгаришларни таҳлил қилиб кўрайлик.
Институтга ўқишга кириш – яқин тарихдан ҳаммага маълум: кўп ҳолларда пул билан ҳал қилинар эди. Охирги йилларда ДТМ орқали ўтказилаётган тест синовлари ОТМнинг иштирокисиз амалга оширилмоқда. Ҳужжат топширишдан то мандатгача бўлган жараён инсон омилисиз ўтяпти – рақамлаштириш жараёни амалда. Коррупция ҳолати тўлиқ нолга тенглашган. “Боламни ўқишга киритиб қўйинг”, деган замон эмаслигини ҳамма тушуниб етди.
Олий таълим муассасасида таълим жараёнларини янги платформа – Hemis дастури орқали бошқариш тизими йўлга қўйилди. Тизимни рақамлаштириш жараёни ҳисобига ўз-ўзидан коррупция ҳолати йўқ бўлиб кетиши керак. Албатта, бунда дастурнинг тўлиқ ишлаши жуда муҳим.
Тизимда янги “Кomplayens-nazorat” тизими йўлга қўйилди.
Профессор-ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш тизими самарали йўлга қўйилди, уларнинг маоши 3,5-4 баробарига кўпайди, натижада профессор-ўқитувчининг нуфузи ортиб, талабанинг “қўлига қараш” ор-номус даражасига кўтарилди.
Ўқишни кўчиришда туб ўзгаришлар йўлга қўйилмоқда – “перевод”ларга икки ҳолатдан ташқари барча ҳолатларда рухсат йўқ.
Ахборот майдонида эълон қилинган маълумотда олий таълим тизимида коррупция ҳолати “қониқарсиз” баҳоланган. Бу маълумотга ташвишли “сигнал” сифатида қараш, ундан хулоса чиқариш ва зарур ҳаракатларни амалга ошириш керак. Бундай ҳолатга ҳар бир жамоа муросасизлик кайфиятида бўлиб, устоз-ўқитувчи ва олим шарафи, нуфузи учун коррупция иллатларига ҳам сўзи ҳам амали билан қарши бўлиши керак.
Коррупция шундай иллатки, унинг қайси тизимда бўлишидан қатъий назар ҳар қандай кўриниши тизимнинг самарали ривожланишига катта тўсиқ, соҳа имижи учун қора доғ ҳисобланади. Бугун кенг ислоҳотлар нафаси билан яшаётган олий таълим муассасаларининг жамоаси коррупция ҳолатларига муросасиз нафрат тушунчасини шакллантириш билан бу тизимда адашиб юрган шахсларни сиқиб чиқармоқда.
Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти давлатимиз ривожи, одамларимизнинг бугунги кунда рози бўлиб яшаши тамойилларига қаратилган. Ҳар бир соҳада қонун устуворлигини таъминлаш, инновацион ғояларни жорий этиш билан бирга коррупциясиз тизимни шакллантириш давр талаби, виждонимиз даъвати бўлиши керак.
Алишер Самадов,
ТДТУ Олмалиқ филиали директори, техника фанлари доктори, профессор.
ЎзА