Коррупция – ривожланиш йўлидаги тўсиқ
Ўзбекистон Республикаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида қабул қилинган муҳим ҳужжат.
Коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмишдир.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бу, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга оширишдир. Шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, оқибатлар, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлик принципини таъминлашдан иборатдир.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсати давлат дастурлари ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилиши мумкин. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар Давлат дастурига киритилган тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури тасдиқланган.
Дастурларнинг ишлаб чиқилиши, амалга оширилишини ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этмоқда.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш юзасидан Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилган ва ўз ваколатларини амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йилда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Коррупцияга қарши фаол курашган шахслар бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши белгилаб берилди. Уларнинг миқдори содир этилаётган жиноятларнинг туридан, таснифи, пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматидан келиб чиқиб белгилаб қўйилган.
Р.Бердияров,
Жиззах вилоят суди судьяси.
ЎзА