Коррупция ҳар қандай жамият ривожига тўсиқ бўладиган иллат ҳисобланиб, унинг дастлабки кўринишлари узоқ ўтмишда пайдо бўлган. Унга қўл урган шахс қонунларни турли йўллар билан айланиб ўтиш орқали ўз манфаатларини кўзлаб иш тутади ва бу билан бошқаларнинг манфаатига зарар келтиради. Охир оқибатда эса қонунлар бузилиб, бошқа шахс ёки шахслар моддий ва маънавий йўқотишларга учрайди. Бу эса, ўз навбатида, жамият ривожига таъсирини ўтказмай қолмайди.
Бугунги кунда мамлакатимизда ушбу иллатга қарши курашиш устувор вазифалардан этиб белгиланган. Давлатимиз раҳбари ҳам ҳар бир чиқишида мазкур иллатга қарши муросасиз бўлиш лозимлигини уқтиради. Шу йилнинг 5 март куни Президентимиз раислигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида ҳам юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича қилинган ишларга баҳо берилиб, келгуси қилиниши зарур бўлган вазифалар белгилаб берилган эди.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлигида “Коррупция жиноятларини олдини олиш ва унга қарши курашиш чоралари ҳамда бу борада ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш” мавзусида ўтказилган семинар-тренингда шулар ҳақида сўз борди.
Криминология тадқиқот институти ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбар ходимлари иштирок этди.
[gallery-24328]
Бугунги кунда коррупция соҳасидаги жиноятларнинг омилларини ўрганиш, уларни бартараф этиш, олдини олиш, ушбу масала устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, коррупциявий хавф юқори бўлган давлат органлари ва лавозимлари реестрини шакллантириш каби кўплаб масалаларни қамраб олган методикани шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда “Коррупция соҳасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш” номли фундаментал илмий-амалий тадқиқот лойиҳасини амалга оширмоқда. Бу лойиҳа доирасида барча давлат органлари, вазирлик ва идораларда махсус семинар-тренинглар ўтказилади.
Мазкур лойиҳа асосида Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ташкил этилган семинар-тренинг ҳам юқоридаги вазифалар ижросини таъминлашга қаратилди.
Тадбирда “Коррупцияга қарши ҳаракат – аввало унинг моҳиятини англашдан бошланади”, “Коррупция нима? Коррупциянинг таснифи”, “Қиёсий таҳлил минтақавий ва халқаро)”, “Коррупция психологияси”, “Коррупция – бу нафақат қонунни бузиш, балки жамиятнинг ишончини емирувчи, инсон қадр-қимматини оёқ ости қилувчи иллатдир”, “Коррупция – бу ҳам ҳиссиёт, ҳам ҳисоб-китоб асосида содир этиладиган жиноятдир” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Тадбирда коррупцияга қарши давлат ва жамият ҳамкорликда курашсагина кутилган натижага эришиш мумкинлиги таъкидланди. Шундай экан, ҳар бир фуқаро аввало, ўз меҳнат фаолиятида ҳалол бўлиши ва ҳар қандай коррупциявий ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабат билдириши керак. Унутмайлик, коррупция – тараққиёт душмани. Унга қарши курашиш барчанинг бурчидир.
Камола ЮСУПОВА, Аслиддин АЛИЖОНОВ (сурат), ЎзА