Коррупция чуқур илдиз отган соҳалар бор
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни
Жамиятда коррупция бор экан, ривожланиш, тараққиёт бўлмайди. Шу боис, мамлакатимизда бу иллатга қарши муросасиз курашилмоқда. Афсуски, амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, ҳамон коррупция чуқур илдиз отган соҳалар ҳам бор. Унга қарши нафақат давлат, балки жамият, ҳар бир фуқаро курашмоғи даркор. Шундагина, таълим, тиббиёт сингари энг муҳим соҳалар коррупциясиз соҳага айланиши мумкин.
“9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни”га бағишланган Антикоррупцион ҳафталик доирасидаги тадбирлардан кўзланган мақсад ҳам ана шу.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда ҳафталик доирасида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди. Тадбирда вазирлик тизимида коррупцияга оид қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Хусусан, вазирликнинг Коррупцияга қарши курашиш комплаенс ички аудит ва молиявий назорат хизмати ташкил қилиниб, унинг асосий вазифалари сифатида вазирликда коррупцияга қарши кураш бўйича “комплаенс-назорат” (compliance control) тизимини жорий этиш ва уни такомиллаштириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцион хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш белгиланган.
Шунингдек, масофадан мониторинг қилиш орқали шубҳали вазиятлар аввал таҳлил қилиниб, аниқланган ҳолатлар натижаларига кўра мутахассисларни объектларга йўналтириш йўлга қўйилган.
Тадбирда вазирлик фаолиятида асосий эътибор молиявий хато ва камчиликларнинг олдини олиш бўйича профилактика чора-тадбирларига қаратилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимидаги фаолият жараёнлари очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг самарали ишлатилишини назорат қилиш, тизимдаги коррупцион хавф-хатарлар, молиявий хато ва камчиликларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан ишлар давом эттирилиши қайд этилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА