Коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна кўпаймоқда
Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус журналистлар учун ташкил этилган брифингда маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, касаллик юқтириш ҳолатларининг кўпайгани олтита минтақанинг тўрттасида кузатилган. Улар: Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Жануби-Шарқий Осиё ва Шарқий Ўртаер денгизи минтақалари.
"Бу хавотир уйғотади, бироқ ажаблантирмайди", — қўшимча қилди Гебрейесус.
ЖССТ ушбу ҳолатга нима сабаб бўлаётганини ўрганади, деб ваъда берди бош директор.
Гебрейесуснинг фикрича, бу эҳтимол чекловларнинг юмшатилиши, турли штаммларнинг пайдо бўлиши, шунингдек, одамларнинг ҳушёрликни йўқотиши билан боғлиқдир.
ЖССТ раҳбарининг таъкидлашича, вакциналар ҳаётни сақлаб қолишга ёрдам беради, лекин фақат уларга ишониб қолмаслик лозим.
"Жамоат саломатлигини асрашнинг бирламчи қоидалари ҳали ҳам коронавирусга қарши курашнинг асосини ташкил этади", — хулоса қилди у.
Ташкилотнинг маълум қилишича, ўтган ҳафтада дунё бўйича коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 2,6 миллиондан ортиқ ҳолат кузатилган. Бир ҳафта аввал ушбу кўрсаткич 2,5 миллиондан кам эди.
Ҳозиргача сайёрамизда коронавирусга чалинганлар 113 миллион кишидан ошди, 2,5 миллиондан ортиқ бемор ҳаётдан кўз юмди. Энг кўп касалланганлар ва вафот этганлар бўйича АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилия биринчи учликни эгаллаб турибди.