Коронавирусга чалинган бемор операция қилинди
Ўзбекистонда илк бор бир пайтнинг ўзида ҳам коронавирус оқибатида ўпкаси 65 фоиз зарарланган, ҳам инфаркт, ҳам инсультга чалинган ўта оғир аҳволдаги 60 ёшли беморда мураккаб юрак операцияси муваффақиятли ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Хавфли хасталикларнинг энг оғир даражаси ва сўнгги босқичида бемор ҳаётини сақлаб қолишга тиббиёт ҳам ожизлик қилади баъзан. Аммо шунда ҳам ўз касбига садоқатли шифокорларимиз умидсизликка берилмай, барча зарур тиббий чораларни қўллаш пайидан бўлади.
Бу галги беморнинг аҳволи ҳам ўта оғир эди. Уни тез тиббий ёрдам бригадаси шошилинч равишда пойтахтимиздаги клиникалардан бирига олиб келди. Сопороз ҳолатида, оёқлари шишиб кетган, ётолмайдиган аҳволдаги 60 ёшли онахонни Россиядаги етакчи клиникаларда узоқ йиллар тажриба орттириб қайтган моҳир кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ёрбеков бошчилигидаги тиббиёт ходимлари зудлик билан жонлантириш бўлимига олишди.
Тезкор текшурувлардан сўнг вазият ўта жиддий эканлиги маълум бўлди.
Коронавирусга чалиниб, ўпкаси пневмониядан 65 фоиз зарарланган, ўпка плевра бўшлиқларида сув йиғилган беморга юрак инфаркти ташхиси қўйилди. Бу ҳам етмаганидек, онахон бир пайтнинг ўзида инсультни бошдан ўтказаётгани аниқланди. Устига устак, инфаркт асоратида юрак деворлари ёрилиши диагнози чиқди.
– Бемор коронавирусдан азият чекаётган, ўпкаси жиддий зарарланган ҳолатда сунъий нафас олиш аппаратидан чиқа олармикан, деган жиддий хавотиримиз бор эди, — дейди Рустам Ёрбеков. – Аммо онахонни зудлик билан жарроҳлик столига ётқизмасак, ҳаётини сақлаб қола олмасдик. Шу боис оила аъзолари ва яқинлари розилиги билан дастлаб унда коронарография амалиётини ўтказдик.
Учта томирида шикастланиш, торайиш ва ёпилиш аниқланиб, аорта-коронар шунтлаш ва юрак ёрилган деворини пластика қилиш операцияси бажарилди. Бу жараён беш соатдан зиёд давом этди ва мураккаб операция муваффақиятли якунланди. Мана, кўриб турганингиздек, беморнинг аҳволи яхши. Икки ҳафта ичида соғайиб кетди. Ўпкасида сув йиғилмаяпти. Кислород ускунасисиз бемолол нафас олмоқда. Оёқларидаги шишлар қайтган. Эркин ҳаракатланмоқда. Юрак ва ўпка етишмовчилиги белгилари тўлиқ бартараф этилди.
– Тошкент вилояти Янгийўл туманиданман, – дейди бемор Лариса Нурлибаева. – Ўз вақтида вакцина олмаганим туфайли коронавирусга чалиниб, ўпкам пневмониядан 65 фоиз зарарланибди. Шунинг асоратларидан юрагимда жуда қаттиқ оғриқ турди, нафас олишим қийинлашиб бораверди. Сўнг ҳушимни йўқотибман. Шифокорларимиздан умрбод миннатдорман. Мени ҳаётга қайтаришди. Илгари бундай операциялар фақат баъзи чет мамлакатларда ўтказилади, деб эшитгандим.
Мана, Ўзбекистон тиббиётида қисқа вақтда шундай катта ўзгаришлар. Ҳозир оғриқлар безовта қилмаяпти. Аҳволим яхши, тез орада уйимга жавоб беришади. Шу ўринда юртдошларимизга бир гапни айтмоқчиман: коронавирусга қарши тезроқ эмланинг. Айниқса, ёши катта, қолаверса, ёндош касалликлари бор инсонлар вакцина олишни асло кечиктирмаслиги керак экан, деган хулосага келдим.
Моҳигул Қосимова, ЎзА