Коронавирус: Қўшни давлатларда аҳвол қандай?
Охирги сутка давомида стационардан COVID-19 ташхиси билан ётқизилган 13 бемор чиқарилди.
Қирғизистонда тузалганлар сони ортмоқда
Охирги сутка давомида стационардан COVID-19 ташхиси билан ётқизилган 13 бемор чиқарилди. Жами соғайганлар 91 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида хабар берилган.
Уйларига жавоб берилганлар билан ўтказилган сўнгги таҳлиллар манфий натижа берган.
Айни пайт даволаш муассасаларида коронавирус билан хасталанган 370 фуқаро мавжуд, уларнинг 4 нафари оғир аҳволда – жонлантириш бўлимида қолмоқда. Қолган беморларнинг ҳолати ўрта оғирликда ва қониқарли, деб баҳоланган.
Қирғизистонда ҳозиргача 466 нафар вирус юқтирган шахс қайд этилган. Бир суткалик ўсиш кўрсаткичи – 17 га тенг. Мамлакатнинг 5 нафар фуқароси бугунгача COVID-19 туфайли ҳаёт билан видолашди.

Қозоғистонда 370 нафар тиббиёт ходими коронавирусга чалинган
Шимолий қўшнимиз Қозоғистонда бугунги кунга келиб 370 нафар тиббиёт соҳаси ходимлари танасида коронавирус инфекцияси мавжудлиги аниқланди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Лязат Ақтаева маълум қилди, деб ёзади Қозоғистоннинг етакчи нашрлари.
“15 апрель тунга келиб КВИ юққан тиббиёт ходимлари сони 370 га етди, улар республиканинг 13 минтақасидан. Хасталанганларнинг аксарияти Алматида – 197 киши, пойтахт Астанада эса – 92, Шимолий Қозоғистон вилоятида – 15, Атирауда – 17 нафар оқ халатлилар офат билан юзма-юз келишган. Тиббиёт мутахассислари орасида жонлантириш бўлимига ўтказилган, оғир аҳволдаги беморлар йўқ“, – дейди Лязат Ақтаева.
Таъкидланишича, вирус юқтирган тиббиёт ходимларининг 29 фоизи шифокор, 48 фоизи ҳамшира, 23 фоизи кичик тиббий ходим.
Бугунги кунда Қозоғистонда жами 1331 фуқаро коронавирусга учраган. 240 киши соғайди, афсуски 16 бемор вафот этди.
Душанбе мэри оммавий сайрларни бекор қилди
Қардош Тожикистонда апрель ойининг учинчи шанбаси пойтахт – Душанбе шаҳри куни сифатида нишонланиши анъанага айланган. Афсуски, бу йил 18 апрелга тўғри келадиган оммавий байрам рисоладагидек нишонланмайди. Табиийки, бунга асосий сабаб – коронавирус.
Тўғри, ҳозирча Тожикистонда расман бирорта ҳам COVID-19 ҳолати қайд этилмаган. Шундай бўлса-да, Душанбе мэрияси Пойтахт куни муносабати билан режалаштирилган оммавий байрам тадбирлари, сайр-томошаларни бекор қилди.
“Коронавирус (COVID — 19) кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Душанбе шаҳрида “Пойтахт куни”га бағишланган ҳар қандай оммавий тадбирларни ўтказиш ман қилинади”, — дейилади мэрия матбуот хизмати хабарномасида.
Аввалроқ шаҳар раҳбари Рустам Эмомали Душанбе шаҳридаги барча боғ ва хиёбонларда “Ачаб шаҳри дилорои Душанбе” шиори остида маданий-дам олиш дастурлари ҳамда оммавий халқ сайилларини ўтказиш тўғрисидаги қарорга имзо чекканди.
Шунингдек, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида турли танловлар, спорт мусобақалари, жумладан мини-футбол турнири, умумхалқ ҳашари уюштирилиши режалаштирилганди.
Интернет материаллари асосида