Коронавирус – иқтисодий бўҳрон элчиси...
Жаҳонда янги коронавирус шарпаси кезмоқда.
Жаҳонда янги коронавирус шарпаси кезмоқда. Инсоният ҳар доимгидан кўра безовта. Халқаро матбуот саҳифаларида вирус иқтисодий инқироз шарпасини жонлантираётгани ҳақида ёзмоқда. Хитой фабрикаларида карантин жорий этилгани, нефть нархи ва экспортининг камайгани, акциялар қийматининг “пастга шўнғиши” сабабли соҳа эксперт ва мутахассислари бу касаллик дунё иқтисодини абгор аҳволга келтириб қўйишидан хавотирда.
Вирус шундоқ ҳам юзлаб инсонлар ёстиғини қуритди. Хитой расмийлари эса янги коронавирус тарқалишининг олдини олишда камчиликлар ва хатоларга йўл қўйилганини тан олди. Хусусан, Хитой Компартияси Марказий қўмитасининг Cиёсий бюроси Доимий қўмитаси миллий фавқулодда вазиятларни бошқариш тизими яхшиланиши кераклигини тан олиб, ёввойи жониворлар бозорлари назоратга олиниши кераклигини таъкидлади. Чунки ўткир респиратор вируси Хитойнинг Ухан шаҳридаги мол бозорида пайдо бўлгани тахмин қилинмоқда. Хитой ҳукумати, шунингдек, тиббиёт мосламалари, маскалар, ҳимояловчи формалар ҳамда кўзойнаклар учун катта эҳтиёж туғилганини билдирди.
Сўнгги хабарларга кўра, Хитойнинг Ухан шаҳридан тарқалган коронавирусдан ўлганлар сони 450 дан ошди, 20 мингдан ошиқ одам вирусга чалинди. Гонгконг университетидаги тадқиқотчилар 25 январь куниёқ Уханда вирусдан зарарланганлар сони 75 минг кишидан ортиқ бўлиши кераклиги ҳақида айтишганди Lancet тиббиёт журналида чиқиш қилган тадқиқот муаллифларининг тасдиқлашича, коронавирус эпидемияси кутилганидан тезроқ суръатларда тарқалмоқда. Уларнинг маълумотига кўра, коронавирус ташувчисининг ҳар бири ўртача 2-3 кишини зарарламоқда, касалланганларнинг умумий сони эса геометрик прогрессияда кўпаймоқда ва бир ҳафтада икки баробар кўпайди. Олимларнинг огоҳлантиришича, агар вирус бу шаҳарларда ҳам шу тезликда тарқалган бўлса, “эпидемия тез орада Хитойнинг йирик шаҳарларини қамраб олади”.
Бундан ҳам хавотирлиси, агар вирус глобал пандемияга айланса, унда дунё иқтисоди касодга учраши муқаррар. 2008-2009 йилда рўй берган иқтисодий инқироздан дунё ўн йил деганда ўзига келганди. “Реанимация муолажалари” дан кейин ўзига келган, аммо ўзини тўла ўнгламаган йирик давлатлар — АҚШ, Европа Иттифоқи ва Хитой узра яна “қора булут”лар кўринмоқда. Бу ҳар учала иқтисодиёт бир-бирига боғлиқлиги ва ўзаро чамбарчас боғлангани сабабли бир давлатнинг зарари иккинчисида кўзга ташланади.
Тўғри,2002-2003 йилда SARS вируси Хитойда пайдо бўлиб, 25 та давлатга тарқалди.800 киши қурбон бўлди. Бу ҳар ўнинчи бемор дегани. Аммо дунё иқтисоди ўшанда бор-йўғи 40 миллиард доллар зиён кўрганди, холос, деб ёзади Би-Би-Си. Аммо унда Хитойда ялпи ички маҳсулот чиқариш ҳажми йилига 1,7 триллион долларга тенг эди. Ҳозир эса бу рақам тўққиз карра ошган – ЯИМ ҳажми 15 триллион доллар, дунё ялпи ички маҳсулот ҳажмидаги улуши эса 4 фоиздан 17 фоизга кўтарилган.
SARS тарқалган вақтда бутун дунё ваҳимага тушганди. Аммо ваҳима ҳаётий ҳақиқатдан узоқ бўлди. Шунда ҳам бу галгиси бошқачароқ. Яъни, ваҳима билан реаллик тўғри келмаган тақдирда ҳам иқтисодий йўқотишлар кўп бўлади.Ким кўпроқ йўқотишини ҳозирданоқ айтиш мумкин. Бу ХХР.
Хитой иқтисоди бу вируссиз ҳам анча оқсаб қолганди. Ўтган йил мамлакат иқтисоди 6.1 фоизга ошди. Бу Хитой учун ўта паст кўрсаткич. 2020 йилда ЯИМ ўсишининг 5,4 фоизга тушиши эҳтимолдан соқит қилинмаяпти. Зеро, кейини 10 йилда Чин иқтисодиётининг йиллик иқтисодий ўсиши 8-10 фоиздан кам бўлмаётганди. Хитой иқтисоди оқсашига қисман ўзи сабабчи бўлса, қисман АҚШ билан савдо уруши ва Гонгконгдаги намойишлар ҳам ҳисса қўшди. Энди вирусдан биринчи ўринда транспорт, савдо, меҳмонхоналар бизнеси зарар кўради. Айниқса, вирус тарқаши Хитой Янги йили — сайёҳлар мавсумига тўғри келгани катта муаммо бўлди. Ишлаб чиқаришга ҳам зарба етди. Аксарият завод-фабрикалар карантинда, ишчилар уйда. Маҳсулотни харидорга етказиш ҳам муаммо.Toyota ва Volkswagenнинг Хитойдаги заводлари конвейери тўхтаган,“Старбакс“ ва “Макдоналдс“ лар ёпилган.
Қўшнилар ва бошқа давлатларга ҳам осон эмас. Айниқса Осиёдаги қўшнилар хавотири ошган. Масалан, Хитой дунёдаги йирик электроника компаниялари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаради. Минтақада бу соҳада ишлаб чиқарилаётган қисмларнинг 40 фоизи айнан Хитой ҳиссасига тўғри келади. Вьетнам, Жанубий Корея, Камбоджа, Сингапур ва Япония Пекиннинг сайёҳлик гуруҳларини тақиқлашидан ҳам зарар кўради.
Саноатда танаффус эса Австралия ва Бразилия каби хом ашё етказиб берувчи давлатларга ҳам зиён келтиради. Европа ва АҚШ эса асосан Хитой сайёҳларининг қадами узилганидан “юрак-бағирлари эзилади“. Улар бу мамлакатлар дўконларидаги қимматбаҳо кийимлару тақинчоқларнинг асосий харидорлардан саналади. Албатта, Хитойда чиқариладиган эҳтиёт қисмларининг камайиши Ғарбни бошқа ишлаб чиқарувчилар томон ўгирилишини англатади. Аммо бу арзонга тушмайди.
“Инқироз шарпаси”дан сармоядорлар жуда қўрқишади. Улар ўз ҳиссаларини сота бошлашади. Иқтисодиёт учун оғир дамларда акциялар, металлар, ривожланаётган бозорларнинг қарзлари, хом ашё нархи пасаяр экан, сармоядорлар ҳам активларини сотишдан бошқа йўл тополмаяпти. Улар энди тилла ва ривожланган давлатлар облигацияларини сотиб олмоқда.
Нефт энг паст кўрсаткичга арзонлади - чунки Хитой дунёдаги энг йирик харидорлардан бири. Кунига 14 миллион баррель нефт сотиб оладиган бу давлат истеъмолни 20 фоизга қисқартирди, деб ёзади Bloomberg нашри. Сўровнинг бу қадар кескин тушиб кетишини 2008-2009 йиллардаги молиявий инқироз даврида ҳамда 2001 йил 11 сентябрда АҚШда эгизак бинолар қулаган пайтда истеъмол кескин қисқарган кезлардан бери инсоният нефть бозорида бу каби талаб камайишига гувоҳ бўлмаган эди.
Нефть нархининг 55 долларга тушиб кетиши нефть қазиб чиқарувчи давлатлар ташкилоти – ОПЕКни 5-6 март кунлари бўлиб ўтадиган саммитни кутиб ўтирмай, “қора олтин” қазиб чиқаришни камайтиришга мажбур этмоқда. Бу борада ҳатто нефть қазиб чиқарувчи йирик давлатлар – Россия ва Саудия Арабистони раҳбарлари телефон орқали мулоқот ўтказди.
Металлар ҳам истисно эмас, бу эса жаҳон иқтисодиёти секинлашувининг ишончли кўрсаткичи, деб ёзади Moodyʼs. Саноатда ишлатиладиган металлар, айниқса, никель, мис, алюминий нархи вирус тарқалишидан кейин ўртача 7 фоизга арзонлади. Бу каби талваса ҳатто АҚШнинг Хитой билан савдо урушида ҳам кузатилмаганди.
Хўш, бўҳрондан қочиб қутулиш мумкинми? Ҳамма гап бу вирус тарқаши қачонгача давом этиши билан боғлиқ. Ҳозирча Халқаро валюта жамғармаси ва АҚШ молия вазирлиги вазиятни яқиндан кузатаётганини айтиш билан чегараланмоқда. Аммо вирус пандемик тус олса, унда вазият таранглашиши табиий. Ҳозирданоқ иқтисодчи олимлар янги вирус ҳужумидан жаҳон иқтисодиёти 600-700 миллиард ва ҳатто 1 триллион доллар зарар кўриши хусусида бонг ура бошладилар.