Коронавирус “Ернинг қалтирашини” пасайтирди
Одамлар уйида ўтирар экан, Она заминимиз қалтирашдан тўхтайди.
Одамлар уйида ўтирар экан, Она заминимиз қалтирашдан тўхтайди.
Кўчаларда пиёдалар тўдаси ғойиб бўлди, машиналар юрмаяпти, одамлар уйидан чиқмаяпти ёки шаҳардан шаҳарга қатнамай қўйди. Карантин вақтида сайёрамизнинг ҳамма жойида сокинлик ҳукм сурмоқда, буни ҳатто, сейсмографлар ҳам илғай олишмоқда.
CNN телеканалининг хабар беришича, бутун дунёдаги мутахассислар Ернинг сейсмик шовқини пасайганини қайд этмоқда. Автомобиллар, поездлар, автобуслар ва одамлар ҳаракатининг сайёрамизга таъсири камайиб бормоқда.
Белгия қироллиги обсерваторияси март ойи ўрталарида шовқиннинг 30-50 фоизга пасайганини аниқлашди. Таъкидлаш жоизки, мартнинг ўрталарида мамлакатларда мактаблар, корхоналар ёпила бошлади, таълим олиш ва ишлаш уйда амалга ошириладиган бўлди. Бундай кўрсаткич авваллари йилда фақат бир марта кузатиларди, у ҳам бўлса янги йил таътилларида, дейди белгиялик олимлар.
Одамларнинг Ерга кўрсатаётган таъсирининг пасайиши олимларга ҳам қўл келмоқда. Чунки, бундай жим-житлик шароитида сайёрамизда энг кам сезиладиган ерости силкинишлар ва бошқа сейсмик фаолликлар ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Авваллари Брюсселдаги тадқиқот маркази шаҳар марказида жойлашгани учун, ушбу ерости силкинишларни сезмай ҳам қоларди.
Дунёнинг бошқа минтақаларида ва бошқа шаҳарларида ҳам худди шундай жараён кузатилмоқда. Масалан, силкинишларнинг камайганини Лондон ва Лос-Анжелесдаги сейсмологлар ҳам бирдек қайд этишди.
Одамлар Она заминимизни камроқ “силкита” бошлади. Барча уйида ўтирар экан, машинада юрмай ёки самолётларда парвоз қилмас экан, қолаверса, йирик заводлар ишлаб чиқариш даражасини пасайтирар экан, шубҳасиз, Ер “нафас ростлаб” олишга имкон топади. Турли мамлакатлар ва шаҳарлар ҳавоси тозаланади.