Коронавирус дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда...
Бу барча давлатларни ўз чегара ҳудудларида эҳтиёт чора-тадбирларини кўришини тақозо этаётир.
Хитойнинг Хубей провинцияси маркази Ухан шаҳрида тарқалган коронавирус билан касалланганлар сони дунё миқёсида ортиб бораётгани дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган долзарб муаммо. Бу барча давлатларни ўз чегара ҳудудларида эҳтиёт чора-тадбирларини кўришини тақозо этаётир.
Президентимизнинг 2020 йил 20 январдаги “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши асосида Жиззах вилояти Янгиобод туманида кўргазмали махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.
Махсус-тактик ўқув машқи қўшни давлатлар билан иқтисодий, илмий, маданий ва туристик алоқаларни инобатга олган ҳолда Тожикистон Республикасига чегарадош Янгиобод туманидаги “Қўшқанд” чегара-божхона постида ўтказилди. Тадбирда вилоят фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш, божхона бошқармалари, санитария эпидемиология осойишталик маркази ходимлари иштирок этди.
Чегара-божхона постидаги санитар-карантин пунктида ўтказилган машқлар давомида ўта хавфли юқумли касалликлар кириб келишининг олдини олишда тегишли хизматлар ҳамкорлиги, халқаро тиббий санитария қоидаларини жорий этиш тартиби амалда синаб кўрилди. Машқларда хавфли юқумли касалликлар билан оғриган шахсларни аниқлаш, бирламчи ташхис қўйиш ҳамда бу ҳақда тегишли хизматларга хабар бериш, беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва шифохонага эвакуация қилиш, фавқулодда вазиятлар содир бўлган ҳудудларда назорат ўрнатиш каби жараёнлар амалда кўрсатиб берилди.
– Чегара-божхона постида ташқаридан кириб келаётганларни кўрикдан ўтказиш учун иккита санитар-крантин пункти, ватинчалик изоляция хонаси мавжуд, – дейди вилоят санитария эпидемиология осойишталик маркази мутахассиси Замира Тожибоева. – Улар тана ҳароратини контактсиз ўлчайдиган термометр ва бошқа тиббий буюмлар ҳамда зарур дори воситалари билан таъминланган. Бугунги ўтказилган ўқув машғулотлари юқумли касалликнинг юртимизга кириб келиши олдини олишга қаратилган яна бир самарали иш бўлди.