Корхонада қишлоқ аёллари ишли бўлди
Навоий вилояти туман ва шаҳарларида “Ўзпахтасонат” уюшмаси томонидан енгил конструкцияли, замонавий тикув корхоналари ташкил этилмоқда.
Навоий вилояти туман ва шаҳарларида “Ўзпахтасонат” уюшмаси томонидан енгил конструкцияли, замонавий тикув корхоналари ташкил этилмоқда. Яқинда вилоятда ана шундай корхоналар сони яна биттага кўпайди.
Конимех туманида “Навоий барака чеварлари” тикувчилик корхонасининг иш бошлагани кўплаб хотин-қизларни доимий иш билан таъминлади.
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами, хусусан, бу жараёнда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар шу каби корхоналар мисолида ўз аксини топмоқда. Ушбу тикув цехи “Конимех голд текстил” масъулияти чекланган жамиятига беш йил муддатга лизинг асосида берилди. Энг муҳими, маҳсулот ишлаб чиқариш учун хом ашё ҳам туманнинг ўзида етиштирилади.
– Корхонамизда тайёрланаётган маҳсулотларнинг асосий қисмини экспортга йўналтирамиз, – дейди “Конимех голд текстил” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдумурод Умиров. – Ҳозирча йиллик соф даромадимиз бизнес режамизга кўра, 1 миллион долларни ташкил этиши мўлжалланмоқда. Маҳсулот турларини ҳам 74 тага етказишни режалаштиряпмиз. Яқин кунларда Қозоғистонга шартнома бўйича дастлабки маҳсулот карвонини етказамиз. Шунингдек, Россия Федерацияси ва Беларус Республикаси билан шартномалар тузиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда. Эндиликда корхонада ишлаб чиқаришни янада кенгайтириб, қўшни туманлардан яна 300 нафар хотин-қизларни ишга жалб қиламиз.
Қарийб 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига барпо этилган корхона энг сўнги русумдаги тикув машинкалари билан жиҳозланди. Айни пайтда бу ерда 120 нафар аёлларнинг бандлиги таъминланган. Аҳамиятли жиҳати, бу ерда касб-ҳунар ўрганиш истагида бўлган хотин-қизлар ва ёшлар учун махсус ўқув курслари ҳам ташкил этилди.
– Корхонага иш юритувчи бўлиб ишга қабул қилиндим, – дейди Наргиза Файзиева. – Барча шароитлар мавжуд. Бу ерда 70 турдан ортиқ кийим-бош тикиш йўлга қўйилган. Муҳими, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг асосий қисми экспорт қилинади.
Корхона фаолияти, ишлаб чиқариш қуввати билан яқиндан танишар эканмиз, келгусида мазкур лойиҳани янада кенгайтиришдаги истиқболли жараёнлар хусусида ҳам маълумотларга эга бўлдик. Албатта, ташкил этилаётган бу каби замонавий корхоналар ўз навбатида қўшимча иш ўринлари ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, вилоятнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.