Корхона салоҳияти юксалмоқда
Навоий шаҳридаги “Триумф горняк” масъулияти чекланган жамияти қошидаги “Mirtex” тикувчилик мажмуасида 18 турдаги маҳсулот тайёрланмоқда.
Навоий шаҳридаги “Триумф горняк” масъулияти чекланган жамияти қошидаги “Mirtex” тикувчилик мажмуасида 18 турдаги маҳсулот тайёрланмоқда.Президентимиз раҳнамолигида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
– Замонавий тикув дастгоҳлари билан жиҳозланган мажмуада маҳсулот сифатига алоҳида эътибор қаратилаётир, – дейди “Mirtex” тикувчилик мажмуаси бошлиғи Олима Бобоқулова. – Айни пайтда болалар, эркаклар ва аёллар кийимлари тайёрланаётган корхонамизда 60 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Фаолиятимизни йўлга қўйишда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Навоий филиалидан олинган 159 миллион сўмлик кредит маблағи жуда қўл келди, 115 дона тикувчилик жиҳозлари харид қилдик.
Корхонада буюртма асосида махсус кийимлар ҳамда мактаб формалари ҳам тикилмоқда. Тикувчиларнинг аксарияти коллежни битирган ёшлардир. Жорий йил бошида иш бошлаган тикувчилик мажмуасида йил якунига қадар ишчилар сонини 100 нафарга етказиш режалаштирилмоқда. Хусусан, жорий йил касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган 7 нафар қиз билан уч томонлама шартнома имзоланди.
– Харидор талабига мос маҳсулот тайёрлаш бозор рақобатининг асосий шарти бўлгани боис, янгича услуб ва дизайндан фойдаланишга эътибор қаратмоқдамиз, – дейди тикувчи Нилуфар Файзуллаева. – 2014 йилда Навоий маданият ва санъат коллежининг дизайнерлик йўналишини тамомлаб, шу ерга ишга қабул қилиндим. Бу ерда ёшларнинг самарали меҳнат қилиши учун барча шароит мавжуд.
Жорий йилда корхона маҳсулотларини экспортга чиқариш режалаштирилган.