Автомобиллар учун қирқдан ортиқ турдаги бутловчи қисмлар тайёрланмоқда
Андижон шаҳрида фаолият кўрсатаётган “O’zErae Climate Control” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонасида автомобиллар учун совутиш радиаторлари, иситиш, вентиляциялаш ва ҳавони кондиционерлаш модуллари ишлаб чиқарилмоқда.
Андижон шаҳрида фаолият кўрсатаётган “O’zErae Climate Control” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонасида автомобиллар учун совутиш радиаторлари, иситиш, вентиляциялаш ва ҳавони кондиционерлаш модуллари ишлаб чиқарилмоқда.Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида юртимизда автомобилсозлик саноатига асос солинди ва у жадал ривожланди. Автомобиллар учун бутловчи қисмлар етказиб берувчи кўплаб ҳудудий корхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Айни пайтда автомобилларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари асосан мамлакатимизда маҳаллий корхоналар томонидан тайёрланмоқда.
Андижон вилоятида автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган турли мулкчилик шаклидаги 30 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар халқаро талаб ва меъёрларга жавоб бериши, юқори сифати билан тобора харидоргир бўлиб бормоқда.
2010 йилда ташкил этилган “O’zErae Climate Control” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонасига ип-газлама комбинатининг бўёқлаш ва пардозлаш фабрикаси бинолари ноль қийматда берилди. Бино реконструкция қилиниб, “Асакабанк”нинг вилоят бўлимидан олинган 22,5 миллион доллар миқдоридаги кредит ҳисобидан Жанубий Корея, Япония, Хитой давлатларида ишлаб чиқарилган замонавий, мослашувчан ва юқори технологик машина ва жиҳозлар келтириб ўрнатилди. Автомобилларнинг совутиш радиаторлари, иситиш, вентиляциялаш ва ҳавони кондиционерлаш модуллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонада дастлабки йилларда фақат “Spark” автомобили учун 5 турдаги маҳсулот тайёрланган бўлса, кейинги йилларда маҳаллийлаштириш дастури асосида “GM Uzbekiston” АЖда чиқарилаётган бошқа русумдаги автомобиллар учун ҳам маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот тури ортди. Айни пайтда бу ерда “Spark", “Matiz”, “Damas”, “Nexia”, “Aveo”, "Lacetti”, “Cobalt” автомобилларининг совутиш, иситиш, вентиляциялаш ва ҳавони кондиционерлаш тизимлари учун 40 дан ортиқ турдаги бутловчи қисмлар тайёрланмоқда.
– 2016 йилда 21 миллиард 705 миллион сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди, – дейди қўшма корхона бош директори Нодиржон Аҳмедов. – Маҳсулотларимизга талаб хорижда ҳам тобора ортмоқда. Шу боис 2016 йилнинг июль ойидан ҳамкорлик келишувига асосан Россияда ишлаб чиқарилаётган “УАЗ Патриот” автомобили учун иситиш радиаторлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ўтган шу қисқа даврда 15 минг 300 дона иситиш радиатори тайёрланиб, Россияга экспорт қилинди.
Халқаро ISO 9001 ва ISO/TS 16949 стандартлари талабига жавоб берувчи сифат менежменти тизими жорий этилган корхонада экспорт ҳажмини ошириш, хорижий ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Корхонада меҳнат қилаётган 200 га яқин ишчи-ходимнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир. Уларнинг самарали ишлаши учун барча шароит яратилган.
– Корхона ташкил этилганидан буён ишлайман, – дейди ишлаб чиқариш бўлими ишчиси Алишер Алихўжаев. – Ишчилар махсус иш кийимлари билан таъминланган, бепул тушлик, барча қулайликларга эга дам олиш ҳамда тиббиёт хоналари ташкил этилган. Шундай замонавий корхонада меҳнат қилаётганимдан фахрланаман.
Эришилаётган муваффақиятларда меҳнатни ташкил этишда илғор иш услубларини қўллаш, ички имкониятлардан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, ишчи-хизматчиларни муносиб рағбатлантириш муҳим омил бўлмоқда.