Корхона қайта иш бошлади
Жиззах шаҳридаги “Orzu Tekstil-SV” корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва бежирим дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Жиззах шаҳридаги “Orzu Tekstil-SV” корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва бежирим дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳага замонавий технологияларни кенг жалб этиш орқали рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда. Буни бир вақтлар вилоятда етакчи енгил саноат корхоналаридан бири бўлган, аммо бозор рақобатига бардош бера олмай банкротликка учраган “Зилолатекс” трикотаж фабрикаси ўрнида ташкил этилган “Orzu Tekstil-SV” корхонаси мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
– Барча ишлаб чиқариш воситалари ва жиҳозлари тўлиқ алмаштирилиб, янгиланди, – дейди корхона бош директори Муҳиддин Ҳазратқулов. – Биз тадбиркорларга яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, эски корхона негизида масъулияти чекланган жамият ташкил этиш бўйича умумий қиймати 15,5 миллион долларлик янги лойиҳа ишлаб чиқдик. Тўрт босқичдан иборат йирик ишлаб чиқариш лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишда “Асакабанк”нинг Жиззах вилояти филиалидан олинган кредит қўл келмоқда. Лойиҳанинг дастлабки босқичи жорий йилнинг апрель ойида тўлиқ ишга туширилди. Трикотаж мато тўқиш ва тайёр кийим ишлаб чиқаришни ўз ичига олган лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, йилига 6 минг тонна пахта толаси қайта ишланиб, 8 миллион донадан ортиқ кийим-кечак тайёрланади. 1 минг 450 янги иш ўрни яратилади.
Лойиҳага мувофиқ иш бошлаган корхонанинг биринчи босқичида Жанубий Корея ва Италияда ишлаб чиқарилган тўқувчилик, тикувчилик дастгоҳлари ўрнатилди. 100 нафар ёш мутахассис доимий иш билан таъминланди. Айни пайтда табиий хомашёдан тайёрланаётган маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича хорижлик ишбилармонлар билан музокаралар олиб борилаётир.
Корхона мутасаддиларининг таъкидлашича, лойиҳанинг иккинчи босқичи 2016 йилнинг биринчи чорагида, учинчи ва тўртинчи босқичлари 2017 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилади. Корхона тўла қувват билан ишга туширилгач, ип-калавани бўяш, мато тўқиш, трикотаж буюмлари тикиш жараёнини ўз ичига олган тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш тизими шаклланади. Шунингдек, пайпоқ, ётоқхона буюмлари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади.
Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар, жумладан, тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар,ишламай турган, банкрот ҳолатига келиб қолган корхона ва бўш турган биноларни тадбиркорлик субъектларига “ноль” қийматда бериш орқали етакчи тармоқларни модерницазия қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, маҳаллийлаштириш дастурларининг изчил амалга оширилаётгани самарасидир.