Кўргазма: кундалик ҳаёт лавҳалари (+видео)
Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Бадиий таълим йўналишларида педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази томонидан “Чизгилар диалоги” номли кўргазма ташкил этилди.
Мазкур марказ бадиий таълим тизимини модернизация қилиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда санъат соҳасининг ижтимоий-иқтисодий ривожига хизмат қилувчи етакчи муассасалардан бири ҳисобланади.
“Чизгилар диалоги” номли кўргазма марказ фаолиятининг йиллик ҳисобот тадбири сифатида ташкил этилди. Мазкур кўргазма орқали Марказда амалга оширилган ўқув-услубий, ижодий ва амалий ишлар кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Тадбир доирасида марказнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчилари томонидан яратилган ижодий ишлар намойиш қилинди.
Экспозицияда тасвирий санъатнинг рангтасвир йўналишида реализм ва авангард услубида яратилган ижодий ишлар ўрин олган. Ҳар бир асарда муаллифларнинг индивидуал услуби, бадиий тафаккури ва замонавий санъатга бўлган қарашлари ўз ифодасини топган.
Кўргазма экспозициясидан жами 42 та маиший, манзара, портрет ва авангард жанрларида яратилган асарлар ўрин олган бўлиб, уларда муаллифларнинг кундалик ҳаёт лавҳалари, табиат гўзаллиги ва инсон қалбининг нозик кечинмалари бадиий талқинда акс эттирилган. Ҳар бир асар ўзига хос композицион ечим, ранглар уйғунлиги ва индивидуал ижодий ёндашуви билан ажралиб туради.
Кўргазма нафақат ҳисобот характерига эга, балки тажриба алмашиш, янги ғоялар ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун ҳам муҳим майдон вазифасини ўтайди.
[gallery-27901]
Тадбирда қайд этилганидек, мазкур ташаббус мамлакатимизда бадиий таълим сифатини ошириш, педагог кадрларнинг профессионал ижодий салоҳиятини юксалтириш ҳамда миллий санъат анъаналарини замонавий талқинларда ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qFalsA8fF0c" title="Ko`rgazma: kundalik hayot lavhalari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Гулноза Бобоева,
Ўктам Ҳайитов (сурат),
Анвархўжа Аҳмедов (монтаж),
ЎзА