Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида таълим тизимида ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқалари натижасида Корея Республикасининг Аджу университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Аджу университети талабалари ўртасида ёзги ва қишки мавсумлар учун алоҳида таътил дастурлари йўлга қўйилган.
Ўзбекистон талабалари охирги икки йилдан буён ёзги таътил давомида Корея Республикасига саёҳат қилган бўлса, айни кунларда, “Халқаро қишки мактаб — 2024” дастури доирасида Кореядан олтмиш нафардан зиёд талаба юртимизда меҳмон бўлиб турибди.



Даставвал, Тошкент шаҳридаги Аджу университетида кореялик талабаларни Ўзбекистон тарихи, маданияти ва рақс санъати билан яқиндан таништириш мақсадида тарих фанлари доктори, профессор Саодат Давлатова ҳамда хореограф Гуландон Қуронбоевалар маъруза қилди. Гўзал урф-одат ва анъналаримиз йўғрилган рақс тақдимотлари меҳмонларда ўзгача қизиқиш уйғотди.


Делегация аъзолари пойтахтимиздаги диққатга сазовор жойлар, хусусан, Ҳазрати Имом (Хасти имом) мажмуаси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамда Тошкент телеминорасига экскурсия қилди. Юртимизнинг бой тарихи, буюк бобокалонларимизнинг дунё ҳамжамиятига қўшган ҳиссаси ҳақида қизиқарли маълумотлар бериб борилди.
Самарқанд шаҳрига саёҳатда эса Регистон майдони, Амир Темур ва Бибихоним мақбараси, Шоҳи Зинда мажмуасини кўришди. Илк марта юртимизга келган хорижлик талабаларда қадим Самарқанд, айниқса, Регистон майдони ўзгача таассурот уйғотди.


Шунингдек, делегация юртимизда фаолият юритаётган бир қанча ташкилотларни, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар жамғармаси, Жанубий Кореянинг Савдо-сотиқни ривожлантириш агентлиги ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фаолияти билан ҳам танишди.
Сўнгра, Тошкент шаҳридаги “Риштон” чойхонасида маҳоратли ошпазлар Анвар Иминохунов, Азамат Абдухалилов томонидан миллий таомимиз — ош пишириш жараёни билан таништирилди. Фарғонача ошнинг мазаси, миллий куй-қўшиқларимиз меҳмонларга манзур бўлди.


Уларга дунёга машҳур Риштон миллий кулолчилик мактаби мутахассислари томонидан маҳорат дарси ҳам ўтилди.
Ўйлаймизки, бу каби ҳамкорлик лойиҳалари кўламини кенгайтириш икки давлат ўртасида таълим ва илм-фан соҳасидаги барқарор, ишончга асосланган ришталарнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
ЎзА