Кореяликлар билан ҳамкорлик самараси
Жанубий Кореянинг Пёнтек шаҳри мэри Жонг Жанг Сон жорий йилнинг 6 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонасида бўлиб ўтган учрашув давомида Сирдарёдаги мактабларни замонавий моддий-техник воситалар билан таъминлаш учун ҳомийлик ёрдами кўрсатилишини маълум қилган эди.
Вилоят “Баркамол авлод” болалар мактабида бўлиб ўтган тадбирда кореяликлар томонидан 84 та замонавий компьютер жамламалари ҳамда 24 та принтер қурилмаси воҳа миқёсида танланган умумтаълим мактабларига топширилди. Уларнинг умумий қиймати 75 минг АҚШ долларини ташкил этади.



Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев, Жанубий Корея – Ўзбекистон бизнес ассоциацияси (КУБА) раисининг биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон ҳамда Пёнтек шаҳри расмийлари иштирок этди. Вилоят ҳокими Пёнтек шаҳри билан нафақат савдо-иқтисодий, балки маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар ҳам ривожланиб бораётганини қайд этиб, кўрсатилган ҳомийлик учун Пёнтек шаҳри маъмуриятига миннатдорлик билдирди.
Ш.Суяров,
Ш.Ортиқбоев,(фото) ЎзА мухбирлари.