Корея таъми Тошкентда: дипломатия дастурхонга кўчдими?
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида гап кетганда, одатда йирик сармоя, саноат лойиҳаси, замонавий технология ва стратегик келишув кўз олдимизга келади. Бинобарин, икки давлат муносабатларининг ҳақиқий мазмуни фақат давлат раҳбарлари учрашувлари ёки йирик лойиҳалар билан чекланмайди. Баъзан бу яқинликни оддий супермаркет пештахтасида ҳам кўриш мумкин.
“Корзинка” савдо тармоғида иш бошлаган “K-Food” махсус бурчаги ана шундай ташаббуслардан бири. 14 сентябрдан 11 октябрга қадар уч филиал синов тариқасида 20 дан ортиқ маҳсулот тақдим этяпти.
Лойиҳанинг вақти ҳам бежиз танланмаган. Лойиҳа 14 сентябрь – Сеулда Ўзбекистон ва Корея олий даражадаги саммити ўтказилган кун ишга тушди. Бир томонда давлатлар стратегик ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилади, иккинчи томонда халқларимизнинг кундалик ҳаётига бевосита дахлдор кичик, аммо мазмунли ташаббус пайдо йўлга қўйилди.
Бу ғоянинг “UzFood-2026” халқаро кўргазмасида пайдо бўлган. Корея Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён айтишича, айнан ўша тадбирда истеъмолчиларимизнинг корейс маҳсулотларига жиддий қизиқиши лойиҳага туртки берган.
Ғоя истеъмолчи қизиқишидан туғилди

– Жаноб Элчи, K-Food махсус бурчагини ташкил этиш ғояси қандай пайдо бўлди?
– “UzFood-2026” халқаро кўргазмаси давомида маҳаллий истеъмолчиларнинг корейс озиқ-овқат маҳсулотларига қизиқиши ниҳоятда юқори эканини шахсан кузатдим. Шунинг учун KOTRA ва Корея Экспорт-импорт банкига Корзинка савдо тармоғида корейс озиқ-овқат маҳсулотлари учун махсус бурчак ташкил этиш таклифини билдирдим. Бугун ушбу ғоя амалий лойиҳага айланганидан мамнунман.
– Намойишда фақат корейс рамёни эмас, балки ранг-баранг маҳсулотлар бор. Танлов атай кенгайтирилдими?
– Албатта. Рамённи кўпчилик яхши билади. Бинобарин, корейс таомлари жуда хилма-хил. Шунинг учун пештахтадан турли ширинликлар, денгиз маҳсулотлари, салат ва соуслар ҳам ўрин олган. Яқин кунларда Кореядан турли янги мева келтириш режалаштирилган.
Озиқ-овқат ҳам маданий кўприк бўла олади
Корея маданияти айниқса ёшларимиз орасида оммабоп. Корейс фильмлари, атир-упаси ва таълимига қизиқиш энди озиқ-овқат орқали яна бир янги йўналиш билан тўлди. Демак, аҳамият маҳсулот сотуви билан чекланмайди.
– Жаноб Вон До Ён, маърузангиздаги бир фикр эътиборимизни тортди: халқлар ўртасидаги бевосита яқинлик давлатлар аро алоқалар каби долзарб. Бу жараён ҳамкорликда қандай таъминланади?
– Давлатлар, ҳукуматлар шериклиги жуда муҳим, албатта. Шу билан бирга халқлар, оддий инсонлар ўртасидаги бевосита алмашинув, ўзаро яқинлик ҳам бундан кам аҳамиятга эга эмас. Озиқ-овқат орқали бошқа халқ маданиятини ҳис қилиш мумкин. Бирор юрт таомини татиб кўрар экан, инсонда шу элнинг маданияти, кундалик турмушига ҳам қизиқиш ортиши табиий. Шу маънода “K-Food” Корея ва Ўзбекистонни янада яқинлаштирадиган ажойиб кўприк бўлишига ишонаман.
– Демак, бу шунчаки савдо лойиҳаси эмас?..
– Ҳукуматлар даражасидаги келишувлар, йирик иқтисодий лойиҳаларни оддий одамлар ҳаётида акс эттириш жуда муҳим. Мен учрашув ва тадбирларда давлат раҳбарларига ҳамроҳ бўлиб, бир жиҳатга шахсан гувоҳ бўлдим: Президентларимизнинг мақсади ва интилишлари бир-бирига ҳамоҳанг. Ҳар икки давлат етакчиси ўз халқи фаровонлиги ва манфаатини устувор билади. Шу нуқтаи назардан айни ташаббуслар йирик давлатлар аро ғояларни кундалик ҳаёт билан боғлайди.
– Синов истеъмолчи қизиқишини оширса лойиҳа янада кенгаядими?
– Лойиҳа келажагини истеъмолчи белгилайди. Ҳозирча корейс маҳсулотларига талаб бор. Қизиқиш янада кучайиши компанияларимиз учун Ўзбекистон бозорида кенг имконият мавжудлигини кўрсатади. Ташаббусимиз келгусида икки мамлакат савдо-иқтисодий алоқасини янада ривожлантиришга хизмат қилишидан умидвормиз.
Муҳими – истеъмолчининг жавоби
Корзинка Бош директори Педро Мартино ҳам лойиҳанинг асосий мезони сифатида харидорлар қизиқишини кўряпти.

– Жаноб Мартино, лойиҳани бошқа филиалларда ҳам жорий қилиш учун энг муҳим мезон нима?
– Бизда ташаббусни кенгайтириш имкони бор, чунки лойиҳа харидорларимиз эҳтиёжи билан мос келишига ишонамиз. Биз учун энг муҳими – истеъмолчининг асл муносабатини кўриш.
Бу фақат икки компания ёки икки ҳукумат ҳамкорлиги эмас
Мартинонинг фикрича, ушбу ҳамкорликнинг аҳамияти фақат тижорий натижа билан чекланмайди. У мазкур ташаббусни икки мамлакат шериклигининг кундалик турмушда намоён бўлаётган амалий мисоли сифатида баҳолади.
– Сизнингча, “K-Food” давлатлар аро ёки йирик бизнес лойиҳасидан қандай фарқланади?
– Менимча, бу Ўзбекистон – Корея дўстлиги нималарга қодирлигини кўрсатадиган аниқ мисол. Бундай ташаббуслар оддий фуқароларимизни бир-бирига яқинлаштиради. Озиқ-овқат ҳар қандай мамлакат маданиятининг муҳим бўлаги. Бошқа халқ маданиятини таом орқали ҳис этиш жуда таъсирчан тажриба. Биз Кореяни харидорларимизга айнан шу йўл билан яқинроқ таништириш истагидамиз.
Энг қизиқ аудитория – ёшлар
Ҳар қандай маданиятнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланган ёшлар учун “K-Food” қулай имконият яратади. Мартино айниқса ёш авлод энди корейс маҳсулотларини осон харид қила олишини таъкидлади.
– Нима деб ўйлайсиз, энг кўп қизиқиш қайси тоифадан бўлади?

– Менимча, ёшлардан. Улар Кореяни яқиндан кузатиб боради. Умид қиламанки, лойиҳамиз муваффақият қозонади ва келажакда ҳамкорлигимиз янада кенгаяди.
Хуллас, “K-Food” махсус бурчаги оддий савдо ташаббусидан кўра кенгроқ аҳамият касб этади. Зеро, давлатлар аро йирик келишувлар одамлар ҳаётида шундай кичик, аммо таъсирчан қадамлар орқали ҳам намоён бўлиши мумкин. Корея маҳсулотлари орқали янги таъмлар кашф этилар экан, икки халқ ўртасидаги қизиқиш, мулоқот ва яқинлик учун яна бир эшик очилмоқда.
Мусулмон Зиё, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА