Корея Республикаси делегацияси ОКМКда
Жанубий Корея билан ўзаро ҳамкорлик доирасида жорий йилнинг 7 сентябрь куни Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Чху Гён Хо бошчилигидаги делегация ОКМК Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бирлашмасига келди.
Ташриф давомида меҳмонлар бирлашма цехларидаги ишлаб чиқариш жараёни, тайёрланаётган маҳсулот турлари билан танишди. Шунингдек, меҳмонлар ўзбек-корейс илмий технологик маркази фаолиятини ҳам кўздан кечирди. Меҳмонлар марказнинг видеоконференц алоқаси орқали Жанубий Кореянинг KITECH саноат технологиялари институти ходимлари билан мулоқот қилди.
Хабарингиз бор, 2022 йилнинг 25 декабрь куни Корея Миллий Ассамблеяси томонидан Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ODI дастурига кўра, 15 миллиард вон (12 миллион АҚШ доллари атрофида) миқдоридаги грант ажратилиши бўйича қарор қабул қилинган эди.
–Дастур 2023-2027 йилларда амалга оширилиши белгиланган бўлиб, унинг асосий мақсади илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштиришдан иборат. Шунингдек, дастур доирасида 50 нафар комбинат мутахассислари Кореянинг етакчи компаниялари ва илмий тадқиқот институтларида тажриба алмашишади. Дастурда нодир металларни – вольфрам молибден, теллур, селен, рений, осмийни қайта ишлаб, ярим ўтказгич саноати учун соф ҳолда ажратиб олиш, қаттиқ қотишмали ускуналарга қаттиқ барьер қопламаларни қоплаш, яримўтказгич саноати учун кислородсиз мис маҳсулотини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам ўрин олган.
Мазкур грант маблағлари доирасида Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бирлашмасининг ўзбек-корейс илмий техник маркази қошида саноат тажриба цехи ташкил этилди. Ушбу цехга замонавий лаборатория жиҳозлари ҳамда технологик ускуналар олиб келинмоқда. Янги цехда Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш дастурга асосланган ҳолда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, янги технологияларни жалб қилиш бўйича тадқиқот ишлари олиб бориляпти.
Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Чху Гён Хо бошчилигидаги делегациянинг ташрифидан мақсад ҳам айнан Ўзбекистондаги нодир металлар саноати билан танишиш, грант дастурининг келажакдаги йўналишларини белгилаб олиш бўлди. Шунингдек, ташриф давомида Корея Республикаси билан истиқболли маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўналишлари муҳокама қилинди.
ОКМК Ахборот хизмати,
ЎзА