Кўп тармоқ кўп даромад дегани
Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, тадбиркорлар учун қулай муҳит ва имкониятлар яратиш борасида бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ амалий ишлар олиб борилмоқда.
Мақсад мазкур соҳа ривожини таъминлаш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш, ишсизлик муаммоларига барҳам бериш ва ҳоказо.
Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида фаолият юритаётган “Мукаммал темир-бетон қурилиш сервис” масъулияти чекланган жамияти аъзолари ҳам ҳукуматимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, фаолиятини босқичма-босқич ривожлантириб бормоқда. Жамият таъсисчилари дастлаб темир-бетон плиталар ва қурилишда фойдаланиладиган бошқа бетон буюмлар ишлаб чиқариш билан фаолиятини бошлаган бўлса, кейинчалик жамият тасарруфида савдо ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ янги лойиҳалар ишга туширилди. Мулкдорлар соҳада етарли тажриба тўплаб, иқтисодий имкониятларини мустаҳкамлаб олгач, жорий йилда яна бир янги лойиҳани амалга оширди. Эндиликда жамият тасарруфида тоза ичимлик суви ҳам қадоқланмоқда.
Жорий йилнинг май ойида Хитойдан қиймати 195 минг АҚШ долларига тенг сувни бир неча босқичда қайта ишлаб, қадоқлаш имконини берадиган замонавий линия харид қилинди. Ушбу технология сувни керакли даражада тозалаб, сўнг турли ўлчамлардаги идишларга қадоқлаш имконини беради.
Жамият аъзоларининг таъкидлашича, сувни тозалаш ва қадоқлаш жараёни бир неча босиқичда амалга оширилади. Дастлаб махсус технология ёрдамида сувнинг таркиби аниқланади. Шундан сўнг у бир неча босқичли фильтрдан ўтказилиб, таркибидаги барча ортиқча моддалар чиқариб олинади. Яна бир маротаба лаборатория текширувидан ўтказилиб, тўлиқ тозаланганига ишонч ҳосил қилингач эса қадоқлаш линиясига юборилади.
Айни вақтда корхонада 0,5 литрликдан тортиб, 20 литргача бўлган пластик идишларга сув қадоқланмоқда. Ҳатто “куллер” аппарати учун мўлжалланган идишларда ҳам қадоқлаш бошланган. Шу билан бир қаторда, тайёр маҳсулотни истеъмолчиларга етказиб бериш хизмати ҳам йўлга қўйилган. Бугун ички бозорда қадоқланган тоза ичимлик сувларига бўлган талабнинг тобора ошаётганини ҳисобга олсак, ушбу лойиҳанинг нақадар самарали эканини кўриш мумкин. Муҳими, жамият тасарруфида фақат ушбу лойиҳанинг йўлга қўйилиши ортидан мавжуд иш ўринлари сони яна 15 тага ортди.
[gallery-532]
Ў.БАРОТОВ, Ж.Норқобилов (сурат), ЎзА