Кўп қаватли уйларда яшашнинг ўз қонун-қоидалари бор
Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияси томонидан 2024 йилнинг ўтган даврига қадар вилоятдаги 1620 та кўп квартирали уйларда назорат тадбирлари ўтказилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўрганилди.
Ўтказилган ўрганиш ишлари давомида кўп квартирали уйларда яшовчи мулкдорлар томонидан 376 та ҳолатда уйларнинг таянч ёки тўсиқ конструкцияларини ўзбошимчалик билан бузиш, турли хилдаги ноқонуний қурилмалар қуриб олиш каби ҳолатлар аниқланди. Аниқланган ҳолатлар бўйича бажарилиши шарт бўлган мажбурий кўрсатмалар берилиб, 78 та ўзбошимча қурилмалар бартараф этилди.

Фарғона шаҳар “Зарбдор” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган навбатдаги ўрганишларда шу ҳудудда яшовчи фуқаролар тегишли ташкилотлардан расмийлаштирмасдан, ўзбошимчалик билан кўп қаватли уйлар атрофига бинолар қуриб, савдо-сотиқ фаолияти билан шуғулланаётгани, шу билан бирга, кўп қаватли уйларнинг таянч қисми, ертўлага кириш эшикларини тўсиб ташлаш ёки бузиш ҳолатлари аниқланди. Берилган мажбурий кўрсатмалар талабларини ўз вақтида бажармаган мулкдорларга нисбатан қатъий огоҳлантириш берилди.
Бундай низоларнинг келиб чиқишига фуқароларнинг ҳуқуқий билим даражаси етарли эмаслиги, бирор-бир қурилиш қилиш ёки ерни сотиб олишда унинг ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича ҳуқуқий билимга эга эмаслиги сабаб бўлмоқда, – дейди ҳудудий инспекция бош мутахассиси Музаффар Қурбонов. – Таъкидлаш керакки, ҳар бир қурилиш ёки мослаштириш ишлари зарур ҳужжатлар асосида, тегишли муассасанинг рухсати билан амалга оширилиши шарт. Керакли рухсатномаларни олмасдан ёки архитектура ҳамда қурилиш нормалари, қоидаларига зид равишда қурилган бинолар инспекция ходимлари томонидан тўлиқ назоратга олинади, мана шундай тарғибот тадбирлари давомида эса уларга чоралар кўриб борилади.

Ўтказилган назорат-тарғибот тадбирлари давомида инспекциянинг ичимлик сувидан фойдаланиш ва сотишни мувофиқлаштириш ҳамда оқова сув хизматларидан фойдаланиш бўлими ходимлари томонидан ҳам қатор камчиликлар, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Ўрганишлар натижасида сув таъминоти ва оқава сув чиқариш соҳасида аниқланган камчиликлар юзасидан жами 194 та кўрсатмалар киритилди, уларнинг ижроси бўлим томонидан назоратга олинди. Шунингдек, фуқаролар ўртасида ичимлик сувини асраб-авайлаш, ундан оқилона фойдаланиш, қонунчиликда белгиланган чоралар тўғрисида тарғибот ишлари олиб борилди.
Шу ўринда кўп квартирали уйларда яшовчи мулкдорлардан тегишли ташкилотлардан рухсатнома расмийлаштирмасдан, ўзбошимчалик билан кўп қаватли уйларнинг ички қисмидаги деворларга ўзгартириш киритмасликларини, уйлар атрофига ноқонуний қурилмалар қурмасликларини сўраб қолган бўлардик. Бу билан ўзи ва бошқаларнинг ҳаёти, соғлиги ҳамда мол-мулкига зарар етиши, турли хил бахтсиз ҳолатларнинг олдини олган бўлади.
Бундай назорат-тарғибот тадбирлари вилоятнинг барча шаҳар-туманларида давом этмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА