Кўп қаватли уйлар UZKAD орқали тўлиқ рақамли рўйхатга ўтказилади
Кадастр агентлиги томонидан Давлат кадастрлари палатаси Марказий аппарати биносида «Кўп квартирали уйлар реестри» ахборот тизимининг тақдимотига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманини Давлат кадастрлари палатаси раиси Моҳир Валиёв очиб берди. Ушбу ахборот тизими кўп квартирали уйларни техник ҳисобга олиш, техник инвентаризациядан ўтказиш, фойдаланишга қабул қилиш ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида ишлаб чиқилгани таъкидланди.
Тизим соҳага замонавий рақамли ечимларни жорий этиш, маълумотлар шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, у орқали қурувчилар томонидан аризаларни электрон шаклда юбориш, кўп квартирали уйлар ва уларга тегишли объектлар бўйича ягона кадастр ҳамда техник паспортларни шакллантириш, давлат ахборот тизимлари билан интеграция асосида маълумот алмашинувини амалга ошириш имконияти яратилади.
[gallery-29743]
Матбуот анжумани давомида янги тизимнинг функционал имкониятлари, ишлаш механизмлари, аҳоли ва қурилиш соҳаси учун яратилаётган қулайликлар ҳамда амалий афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбирда қайд этилишича, 2026 йил 1 июндан бошлаб мамлакатда кўп квартирали уйларни фойдаланишга қабул қилиш, кадастр паспортларини расмийлаштириш ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган тизим — UZKAD ахборот платформаси орқали амалга оширилади.
Ушбу янгилик қурилиш соҳасида шаффофликни ошириш, ҳужжат айланмасини соддалаштириш ҳамда мулк ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Матбуот анжуманида Давлат кадастрлари палатаси бошқарма бошлиғи Аҳмад Насриддинов ҳам тизимда кўп квартирали уйларни шакллантириш жараёнлари ҳақида маълумот берди.
– Янги тартибга кўра, кўп квартирали уйлар қурилиши якунлангандан сўнг аризалар my.gov.uz портали ёки Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинади, – дейди Давлат кадастрлари палатаси бошқарма бошлиғи А.Насриддинов. – Барча маълумотлар автоматик равишда UZKAD тизимига узатилади ва рақамли тарзда қайта ишланади. Бунда муҳим шарт белгиланган: уй жойлашган ер участкаси олдиндан давлат рўйхатидан ўтган бўлиши шарт. Бу талаб қурилиш жараёнларининг қонунийлиги ва мулк муносабатларида шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, лойиҳа ҳужжатларидан четга чиқилган ҳолатлар — қўшимча қаватлар ёки квартиралар қурилгани, умумий мулк объектлари акс эттирилмагани ёки ер участкаси чегарасидан ташқари қурилмалар мавжуд бўлса, ариза рад этилади.
Ариза қабул қилинганидан сўнг UZKAD тизимида ер майдони, турар ва нотурар бинолар, квартиралар ҳамда умумий фойдаланиш жойлари бўйича тўлиқ рақамли инвентаризация амалга оширилади. Бинонинг барча параметрлари электрон харитада акс эттирилиб, ягона давлат реестрига киритилади
Натижада кўп квартирали уй учун ягона кадастр паспорти шакллантирилади. Унда уй таркибидаги барча объектлар — квартиралар, хизмат хоналари ва умумий мулклар ҳақида тўлиқ маълумот жамланади. Шундан сўнг ҳужжатлар электрон тарзда Қурилиш назорати инспекциясига юборилади.
Фойдаланишга қабул қилиш рухсатномаси берилгандан кейин ҳар бир квартира, нотурар жой ва умумий мулк объектлари учун алоҳида кадастр паспортлари расмийлаштирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилади.
Янги тизим орқали барча маълумотларнинг ягона платформада юритилиши таъминланади. Бу эса ортиқча қоғозбозликни камайтиради, инсон омили билан боғлиқ хатоларни минималлаштиради ҳамда жараёнларни тезлаштиради.
Илгари кўп квартирали уйларда квартиралар, нотурар жойлар ва умумий мулк объектлари алоҳида ҳисобга олинар, ҳар бири учун алоҳида кадастр паспорти расмийлаштирилар эди. Умумий мулк объектлари эса ахборот тизимларида тўлиқ акс этмас эди.
Энди эса барча объектлар ягона тизимда комплекс ҳисобга олинади. Бир уй доирасида барча мулклар бир вақтнинг ўзида расмийлаштирилади, ягона кадастр паспорти шакллантирилади ва барча маълумотлар UZKAD орқали юритилади. Бу фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларни сезиларли даражада камайтиради.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар батафсил жавоб берди.
Шаҳноза Маматуропова,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА