Кўп қаватли турар жойлар мавсумга тайёр(ми)?
Қиш-қировли кунлар яқин, шу боис, Бухоро вилоятида ҳам муҳандислик-коммуникация тармоқлари шайлигини ошириш, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа иншоотларини мавсумга тайёрлаш ҳар қачонгидан долзарб аҳамиятга эга.
Бу борада вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси томонидан кўп қаватли уй-жой фондини талаб даражасида сақлаш, зарур инфратузилмани яратиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Айни кунда Бухоро вилояти маркази, Когон шаҳри, қолаверса, 11 та туман марказида жами 65,1 мингдан зиёд аҳоли хонадонидан иборат бўлган 2166 та кўп хонадонли уй-жой мавжуд. Уларда яшовчи аҳолига 28 та бошқарувчи ташкилот ҳамда 2 та уй-жой мулкдорлар ширкати томонидан хизмат кўрсатилиши режалаштирилган. Шу боисдан, жорий йилда мавсум олдидан вилоят миқёсида жами 165 та кўп хонадонли уй-жойда аҳоли талаб ва мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда қурилиш-таъмирлаш ишлари анча илгаридан бошланган.

– Бугунга келиб жами 165 та, яъни белгиланган кўп хонадонли турар жойларнинг барчасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди, – дейди вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Соҳиб Жумаев. – Жумладан, 64 та уйнинг 9,1 минг квадрат метр том қисми, 248 та кириш йўлаги, шунингдек, 280 та электр тақсимловчи шит, 86 та уйнинг ертўла қисмидаги муҳандислик коммуникациялари, 15 та уйнинг ички муҳандислик тармоғи ва 21 та уйнинг фасад қисми таъмирланиб, 50 та кодли қулфли темир эшик ўрнатилди.

Вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши асосида маҳаллий бюджетдан молиялаштирилган 740 миллион сўм маблағ ва бошқарув сервис компаниялари сармояси ҳисобидан “Бухоро электр тармоқлари” ҳудудий корхонаси билан ҳамкорликда, кўп хонадонли уйлардаги жами 5 минг 442 та электр тақсимловчи шитларида таъмирлаш ишлари бажарилган. Қолаверса, жорий йилда 600 миллион сўм маблағ эвазига Бухоро шаҳридаги 2 та кўп хонадонли уйнинг лифт ускуналари янгисига алмаштирилди.
Вилоят марказида “Dilshodbek” бошқарув сервис компанияси томонидан хизмат кўрсатилаётган “Шайх-ул олам” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 21-, 22- ва 24-сонли кўп хонадонли турар жойларнинг кириш йўлакларида ўрнатилган электрошитларни ҳам таъмирлаш жараёнида яроқлилик муддатини ўтаб бўлган электр анжомлари янги ва энергия тежамкор жиҳозларга алмаштирилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.