Кўп асрлик дўстлик тарихи янада мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш мутлақо янги босқичга кўтарилди. Жумладан, мамлакатларимиз ўртасида кучли икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий база яратилган. 1996 йилда қабул қилинган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома унинг асосини ташкил қилади. Икки давлат мутлақо янги йўналишлар, айниқса, иқтисодиёт, сиёсат, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.Буни сўнгги беш йилда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий айирбошлаш уч баробар ошганида ҳам кўриш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев учрашувларда икки халқни муштарак тарих, миллий урф-одат ва анъаналар, тил, дин ва ягона туркий келиб чиқиш бирлаштириб туришини доимо таъкидлайди. Дарҳақиқат, қардош халқларимиз ўртасидаги тарихий алоқалар чуқур ўтмишга бориб тақалади. XI-XII асрларда бизни ягона ўғуз-салжуқийлар давлати бирлаштирган. Хоразмшоҳлар даврида ҳам халқларимиз боғлагани, Ширваншоҳлар давлати билан алоқалар ўрнатилгани, айнан ўша даврда сиёсий масалалар қаторида маданият соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилганини манбалар орқали яхши биламиз. Шоҳруҳ (темурийлар авлоди) ва Ширвоншоҳнинг ўғли Иброҳим I ўртасида нафақат сиёсий ва савдо-иқтисодий муносабатлар, балки қариндошлик алоқалари ҳам ўрнатилгани, ўз навбатида халқларимиз ўртасида янада кўпроқ мулоқотнинг йўлга қўйилишига туртки бўлгани тарих саҳифаларига муҳрланган.
Маданий ҳамкорлик тарихида халқларимизнинг буюк фарзандлари Алишер Навоий ва Низомий Ганжавий ижоди ва фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Алишер Навоий буюк Низомийни ҳамиша ўзининг устози деб билган ва унинг “Хамса” асари Низомий ижодидан руҳланиб яратилган. У Озарбайжон фарзандининг фазилатларини улуғлаган. Икки халқ фарзандлари икки даврда яшаб ижод қилган бўлсада, уларни инсонпарварлик ва умуминсоний қадриятлар, шахснинг комилликка интилиши масаласидаги қадриятлар бирлаштириб турган. Орадан бир неча аср ўтиб, бугунги кунда уларнинг қадрият ва маънавий олами халқларимиз ўртасидаги ўзаро яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Халқларимиз фан ва таълим масаласида ҳамиша бир-бирини тўлдиришга интилган. Эътиборимизни фан арбобларига қаратиб, Озарбайжон халқининг Мақсуд Шайхзодадек яна бир буюк фарзандининг номини эсга олиш ўринли. Тошкентда яшаган Мақсуд Шайхзода ўзбек тилини мукаммал ўрганган ва кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида илмий ходим бўлиб ишлаган. Тошкент педагогика институтида ўзбек адабиёти тарихидан дарс берган. Ғофур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Усмон Носир ва бошқа адиблар билан бирга ижод қилган.
У бутун умри давомида ўзбек тили, меҳнаткаш халқимизга бўлган муҳаббати билан яшаган, “Жанг ва қўшиқ”, “Соз”, “Учинчи ўғил”, “Оқсоқол” шеърий тўпламларини қолдирган. Шунингдек, Мақсуд Шайхзода ўзбек драматургияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Бу борада унинг “Жалолиддин” асари алоҳида аҳамиятга эга.

Халқларимиз тарихида яна бир ёрқин саҳифа Озарбайжон Республикасининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиевнинг роли ва ўрнига бағишланади. Айнан Ҳайдар Алиевнинг ўзбек халқига бўлган меҳр-муҳаббати ва ҳурмати Шароф Рашидов билан ўзаро дўстона муносабатлари биродарлик ришталари билан мустаҳкамланиб, уларнинг ҳамкорликдаги фаолияти даврида маданий ижтимоий-иқтисодий тадбирларда алоҳида намоён бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан олижаноб халқимизнинг Озарбайжон халқи фарзандига муҳаббати ва ҳурмати рамзи сифатида Ҳайдар Алиев ёдгорлиги очилиб, унинг шарафига кўча номи берилиши жуда қувонарли.
Бугун мамлакатларимиз етакчилари ташаббуси билан икки мамлакат шаҳарларида турли маданий тадбирлар, кино учрашувлари, турли рақс-вокал фестиваллари ўтказилмоқда. Масалан, 2023 йил 8-11 октябрь кунлари кино ижодкорлари Бокуда бўлиб ўтган Турк дунёсининг III-“Қўрқут ота” кинофестивалида иштирок этди. Шунда Ўзбекистон фильмлари намойиш этилди. 2024 йил 16 мартда эса Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида Озарбайжон давлат академик мусиқа театрида илк бор “Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси” балет спектакли намойиш этилди. Шунингдек, маданият арбобларимиз Шуша шаҳрида бўлиб ўтган “Харибулбул” халқаро фольклор фестивалида иштирок этди. Озарбайжоннинг Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги мактабнинг фойдаланишга топширилгани ҳам эътиборга молик. Бу мактаб Ўзбекистон томонидан биродарлик, якдиллик ва ҳурмат рамзи сифатида туҳфа этилди.
Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ушбу ташрифи халқларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Абду Малик Мирзажонов,
“Diplomat University” “Халқаро муносабатлар ва иқтисодиёт” факультети декани, эксперт
ЎзА