Кооперация алоқалари мустаҳкамланмоқда
Гулистонда Сирдарё вилоятидаги йирик саноат корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказилди.
Гулистонда Сирдарё вилоятидаги йирик саноат корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказилди.Унда вилоятда фаолият юритаётган йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналари, хусусий тадбиркорлар билан бирга, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан 200 га яқин корхона мингдан ортиқ маҳсулотлари билан иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар маҳаллий хомашё асосида рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқараётган йирик саноат корхоналарининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Хусусан, маҳаллийлаштириш дастурининг самарали амалга оширилиши натижасида ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги кооперация алоқалари ривожланиб, маҳсулот тури ва сифати ошмоқда, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгаймоқда.
Буни жорий йилги ҳудудий ярмаркада ўз маҳсулоти билан қатнашган саноат корхоналари сони ўтган йилга нисбатан 102,9 фоиз кўпайиб, уларнинг 85 фоизини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ташкил этаётганида ҳам кўриш мумкин. 2015 йилги ҳудудий саноат ярмаркасида 11,6 миллиард сўмлик шартномалар имзоланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 16,5 миллиард сўмдан ошиши кутилмоқда.
Кўргазмада қурилиш материаллари, мебель, гилам ва трикотаж буюмлари, машинасозлик, халқ истеъмоли моллари, озиқ-овқат маҳсулотлари кенг ассортиментда намойиш этилди. Савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар маҳсулот харид қилиш юзасидан шу ернинг ўзида келишувга эришиб, шартномалар имзолади. Вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси, тижорат банклари ва бошқа мутасадди ташкилотлар бу борада уларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатди.
– Ярмарка биз, тадбиркорлар учун ўз маҳсулотимизни намойиш этиш ва харидор топиш, ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда қулай имкониятлар яратмоқда, – дейди Гулистон шаҳридаги “Нилуфар гуллари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилшод Тожибоев. – Ўтган йили 300 миллион сўмлик маҳсулот сотдик. 150 миллион сўм миқдоридаги мебелларни хорижга экспорт қилдик. Бу йилги ярмаркада 250 хил офис, уй, ошхона, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларга мўлжалланган мебелларимиз билан қатнашиб, 25 дан ортиқ шартнома имзоладик.