Конституциямиз бахтимиз таянчи
Тошкент шаҳар ёшлар марказида “Менинг Конституциям” мавзуида тадбир бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳар ёшлар марказида “Менинг Конституциям” мавзуида тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда Ички ишлар вазирлиги, шаҳар прокуратураси, ички ишлар бош бошқармаси, Жиноят ишлари бўйича шаҳар суди, шаҳар ҳокимияти вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида, халқимиз учун фаровон ҳаётни барпо этишда Бош қомусимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Тадбир доирасида “Прокурор хонаси”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар прокуратураси ва Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Сайёр суд мажлиси ҳам ўтказилди. Унда 24 ёшли фуқаро Б.Ғ.ни жамиятдан, оиласидан ажратмаган ҳолда соғлом ҳаёт тарзига қайтариш мақсадида Ёшлар иттифоқи ўз кафолатини берди. Биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган суд ҳукми бекор қилиниб, Тошкент шаҳар прокурорининг кассация протести қаноатлантирилди. Б.Ғ.га нисбатан қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тури тайинланди ва у суд залидан озод қилинди.
Тадбирда Конституциямизга бағишланган маъруза ва шеърлар тингланди. Таниқли санъаткорлар куй-қўшиқлар ижро этди.