Конституциявий суд ва Бизнес омбудсманнинг ўзаро ҳамкорлиги – тадбиркорлик субъектлари манфаатларига хизмат қилади
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятидан фақат тадбиркорлар манфаат топиши, шубҳасиз.
Маълумки, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Қонунга мувофиқ, мансабдор шахс ҳисобланади. У тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини, мазкур ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларга давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан риоя этилишини таъминлайди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органларига, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобот беради.
Кўриниб турибдики, Вакилнинг ваколатлари жуда кенг. Бир қарашда қонун билан берилган ваколатлар доирасида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга Вакилнинг имкониятлари етарли бир жиҳатдан. Бироқ, амалда доим ҳам бундай бўлавермаслиги мумкин.
Чунки, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари фақат мансабдор шахслар ва давлат органларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги билан бузилса, Вакил ўзининг ваколатлари доирасида уларни бартараф этиши мумкин бўлади. Бироқ, тадбиркорлик субъектларининг Конституцияда белгиланган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари Қонун ёки ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларида бузилса, уни қандай бартараф этади?
Тўғри, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонунчиликда аниқланган бузилишларни, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимнома Вакил томонидан давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қонунчилик бузилишларини бартараф этиш юзасидан ваколат берилган раҳбарларига киритилиши мумкин.
Бироқ, Қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият чиқарган ҳужжатлар тадбиркорлик субъектларининг Конституция билан мустаҳкамланган ҳуқуқларини бузганда, Вакил қандай йўл тутиши керак?
Бундай вақтларда фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Вакилга ёрдамга келиши мумкин. Чунки, Қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятнинг Конституцияга зид бўлган ҳужжатлари фақат Конституциявий суд томонидан бекор қилиниши қонунчиликда мустаҳкамланган.
Демак, Конституциявий суд ва Бизнес омбудсманнинг ўзаро самарали ҳамкорлиги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилади, деб бемалол айтаоламиз.
Яхши биласиз, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига кўра ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади. Шунингдек, Конституциянинг 65-моддасида “Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади.
Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас”лиги белгиланган.
Асосий Қонуннинг 66-моддасига асосан, “Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.”
Конституциянинг 67-моддасига биноан, “Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди.
Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.
Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади.”
Шу ўринда Конституциянинг 67-моддаси учинчи қисмида белгиланган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади, деган нормага алоҳида эътибор қаратсак.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2024 йилда мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида Ахборотида айнан ушбу масалага алоҳида урғу берилган эди.
Нима сабабдан Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар йили тақдим этадиган Ахборотда “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади” деган мазмундаги конституциявий нормага эътибор қаратди. Бунга қандай омиллар сабаб бўлди.
Хуллас, ўрганишлар шуни кўсатдики, айрим вилоят ҳокимликлари ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини вилоят ҳудудидан четга олиб чиқишига, эътибор беринг республикадан эмас, балки вилоятдан четга олиб чиқишига тақиқ қўйган.
Бундай тақиқ қўйишга вилоят деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қимматлаб кетиши асосий сабаб қилиб кўрсатилган.
Аслида, вилоят ҳокимлиги бундай сабабни рўкач қилиб, тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари етиштирган маҳсулотларни эркин ҳаракатланишига тақиқ қўйишлари мумкин эмас эди.
Ваҳоланки, юқорида таъкидлаганимиздек, мамлакат Конституциясида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланган. Демак, ҳокимликларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Конституцияга зид равишда қабул қилинган.
Келтирилган мисол, келгусида Конституциявий суд ва Вакил ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик мамлакат иқтисодиётининг етакчи кучи бўлган тадбиркорлик субъектларининг Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шахсан назоратида эканини инобатга оладиган бўлсак, юқорида номлари қайд этилган органларнинг ўзаро ҳамкорлигининг аҳамияти нечоғли эканини тасаввур қилиш қийин эмас.
Абдуманноб Раҳимов,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди судьяси.
ЎзА