“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси доирасида барча ташкилот ва идораларда қизғин муҳокама қилинмоқда.
Миллий гвардия марказий девонида бўлиб ўтган видеоконференцалоқа шаклидаги семинар ҳам ушбу Конституциявий қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятига бағишланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов иштирок этиб, маъруза қилди.

Йиғилишда иштирок этган Миллий гвардия қўмондонлиги, марказий девон ҳамда ҳудудий бўлинмалар шахсий таркибига Конституциямизга киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди.
Конституциявий ислоҳотлар замирида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш мақсади ҳамда “Инсон – жамият – давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган эзгу тамойиллар мужассам эканлиги таъкидланди.
Учрашувда Акмал Саидов семинар иштирокчилари билан очиқ мулоқотга киришди. Унда ҳарбий хизматчи ва ходимлар мавзуга оид қизиқтирган саволларига жавоб олиш билан бирга, янги лойиҳага ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Асосий қонунимиз ҳисобланган Конституциянинг янги ислоҳотлари – мамлакатимизда фуқароларнинг барча соҳалардаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга ҳамда ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланиши ва мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим ҳуқуқий асос бўлишига ишонч билдирдилар.
М.Комилова, ЎзА