КОНСТИТУЦИЯГА ТАКЛИФИМ БОР
Конституциямизда маҳалла институтига доир алоҳида модда ажратилгани ҳақида кўп эътироф этамиз. Дарҳақиқат, бу миллий давлатчилигимиз ва қадриятларимизни ўзида акс эттирувчи қонун эканидан дарак беради.
Бироқ, Конституцияда фуқароларнинг маҳалла идораси билан боғлиқ муносабатларида маҳаллага мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланмаган.
Давлат ва шахс ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи ҳужжат бўлгани туфайли Конституциянинг 35-моддасида ҳар бир шахснинг ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органлари, муассасалари ёки халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқи белгилаб қўйилган.
Аммо, давлат бошқаруви соҳасидаги ўзгариш ва ислоҳотлар маҳаллаларга кўплаб ваколатларнинг ўтказилишига ва натижада уларга тегишли масалаларни ҳал этилишида иштирок этувчи муҳим тузилмага айланишига олиб келди.
Тараққиёт стратегияси доирасида ушбу жараёнлар янада жадаллашиши кутилмоқда. Хусусан, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида ҳал этиш учун маҳаллаларнинг ваколатлари кенгаяди, уларнинг молиявий мустақиллиги кучаяди, фуқароларнинг ўз маҳалласидаги иштироки ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқа таъминланади.
Шунингдек, маҳалладан туриб барча давлат идораларига мурожаат қилиш тизими яратилади ҳамда давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллада кўрсатиш бўйича тегишли чоралар кўрилади. Буларни табиийки, қонунчилик ҳужжатларига ўзгартишлар киритмай амалга ошириб бўлмайди.
Шахс ва маҳалла ўртасидаги муносабатлар тизими кенгаяр экан, бунда энг аввало, фуқароларнинг маҳалла идорасида ариза, шикоят ва таклиф билдириш ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида мустаҳкамлаб қўйиш муҳим аҳамиятга эга.
Бундай конституциявий ҳуқуқ шахсга ўзи ва бошқалар билан биргаликда, яъни жамоавий тарзда нафақат давлат органлари, муассасалари ёки халқ вакилларига, балки ўзи истиқомат қилаётган маҳалласига ҳам мурожаат қилишни Конституция даражасида кафолатлашга олиб келади.
Ботиржон Қосимов,
ТДЮУ доценти вазифасини бажарувчиси,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори