Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиниши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устунлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.
Биз эътироф этаётган Янги Ўзбекистон тараққиётининг дастлабки йилларида биргина суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этишга йўналтирилган 50 га яқин қонунлар, Президент фармон ва қарорлари қабул қилинган.
Президентимизнинг илк маротаба 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатномасида барчанинг эътибори суд идоралари ҳали-ҳамон ҳар қандай ҳолатда адолат қарор топадиган масканга айланмагани муаммосига қаратилган эди.
Орадан саккиз йил ўтди. Бу орада суд-ҳуқуқ соҳасида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди. Биз авваллари бўлиши мумкин эмас деган айрим масалалар кундалик ҳаётимизда ижобий ечимини топди. Яъни, суд ҳокимиятини тубдан ислоҳ қилишда, энг аввало, судьялар мустақиллигини таъминлаш зарур деб топилди. Бу эса, гувоҳ бўлиб турганимиздек амалда ўз самарасини бера бошлади.
Маълумки, судларнинг асосий вазифаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Бунда судьяларнинг мустақил бўлиши ниҳоятда муҳимдир. Таъкидлаш жоиз, бугунги кунга келиб, улар томонидан оқланган шахслар юзасидан статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги етти йилда жами оқланган шахслар 4000 дан зиёд кишини ташкил этган. Буни йиллар бўйича ўсиш динамикасини кузатадиган бўлсак, 2017 йилда – 263 та, 2018 йилда – 867 та, 2019 йилда – 3080 та, 2020 йилда – 3434 та, 2021 йилда – 5930 та, 2022 йилда – 8453 та, 2023 йилда – 7362 та шахс суд залидан озод этилган. Шунингдек, 2017-2023 йиллар давомида 5956 нафар шахс судлар томонидан оқланган. Олий суд матбуот хизмати хабар беришича 2025 йилнинг ўзида суд залидан озодликдан маҳрум этиш этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан 8 минг 85 нафар шахс озод қилиниб, 86 нафар шахс, жумладан ёшлар, аёллар ва бошқаларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. Шу билан бирга, 35 572 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, 11 421 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган.
Ушбу кўрсаткичлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ошганлигининг реал маҳсулидир. Чунки Давлатимиз бошлиғи алоҳида таъкидлаганидек, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Акс ҳолда, буюк немис файласуфи Иммануил Кант айтганидек: “Адолат йўқолган пайтда, ҳаётнинг қадрини белгилайдиган бошқа ҳеч нарса қолмайди”.
Ўзбекистон Республикаси янги таҳрирдаги Конституциясининг 136-моддасида: “Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар дахлсиздир. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди” дея белгиланган.
Судьяларга айрим чекловлар ҳам конституциявий даражада ўрнатилган. Масалан, судьялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас. Судьялар сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек, илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари, ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмас.
Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган туб ислоҳотларда судьялар мустақиллигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу, мамлакат Президенти таъбири билан айтганда, судлар том маънодаги “адолат қўрғони”га айланишининг муҳим шарти ҳисобланади. Ушбу тамойилни амалиётга татбиқ этиш мақсадида Конституциянинг 135-моддаси янги таҳрирда берилди. Унда, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади” дейилади.
Дарҳақиқат, “одил судловнинг самарадорлигига фақат суд мустақиллиги, судьяларнинг қонун доирасидаги мутлақ эркинлигининг ҳосиласи сифатида қараш унчалик тўғри бўлмайди. Одил судлов самарадорлиги ўзаро бир-бирини тақозо этувчи жуда кўп омилларга асосланади. Жумладан, одил судловни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизми қанчалик такомилашганлигига, суднинг давлат ҳокимияти бошқа органлари билан муносабати ҳолатига боғлиқдир”. Биз бу билан айтмоқчимизки, суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлашда давлат ҳокимияти тизимининг муҳим тармоғи бўлган қонун чиқарувчи ҳокимият билан ўзаро муносабатларини замон талаблари даражасида ташкил этиш лозим бўлади. Чунки мамлакатда қонун чиқарувчи ҳокимият соҳиби бўлган – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси мамлакатимиз суд ҳокимияти тизимининг қонунчилик асосларини ишлаб чиқади, уни шакллантиришда бевосита иштирок этади ҳамда тегишли қонунларни қабул қилади. Суд ҳокимияти эса, ўз навбатида, Конституция ва қонун устунлигини таъминлайди, шу била бирга парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилади. Қолаверса, давлат ҳокимиятининг бу икки мустақил тармоғи ўзаро муносабатлари давлат ҳокимиятининг самарали амалга оширилишида ва давлат ҳокимияти тизимида мутаносиб ҳамда барқарор мувозанатни сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Демак, улар ўртасидаги самарали ҳамкорликни таъминламасдан туриб, дунёнинг ривожланган мамлакатларида бўлгани каби қонун устуворлигини таъминлашда ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда кутилган натижаларга эришиш анча мушкул масала ҳисобланади.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида белгиланган давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятлар бўлиниши принципига асосан, суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатида конституцявий даражада ўз ўрнини топган. Ушбу мақом суд ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ҳокимият билан ўзаро муносабатларини таҳлил қилиш заруратини ва уни янада такомиллаштиришда нималарга эътибор қаратиш кераклигини кун тартибига қўяди. Айниқса, бугун шиддат билан олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида давлат ҳокимияти тармоқларининг ўзаро муносабатларини янги босқичга кўтариш жуда муҳимдир. Чунки давлат ҳокимияти тизими бўлиниши принципи - бу ҳокимиятлар ваколатларни тенг тақсимлаб олиши эмас, балки давлат ҳокимиятини бошқаришда бир-бирлари ваколатларини ўзлаштириб олмаслик, аксинча, ҳамкорликда фаолият юритишлари тушунилади.
Мамлакатимизда парламент ва суд ҳокимияти фаолиятига оид қонун ҳужжатларида уларнинг ҳуқуқий мақоми бўйича белгиланган нормалар таҳлилидан кўриш мумкинки, уларнинг ўзаро муносабатларининг шакли ва йўналишлари турлича. Уларнинг энг муҳимлари қаторида: парламент томонидан суд ҳокимияти органлари ҳамда ваколатларининг белгиланиши, парламентнинг юқори палатаси - Сенат томонидан Конституциявий суд ва Олий суд аъзоларининг сайланиши; суд ҳокимиятининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эканлиги, Конституциявий суд томонидан қонун чиқарувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш; конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиши; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси таркибида унинг нормал фаолиятини таҳдидга соладиган, ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда ёхуд у бир неча марта Конституцияга зид қарорлар қабул қилган тақдирда, Президент томонидан Олий Мажлисни тарқатиб юборилишида Конституциявий суднинг иштироки; Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида, шунингдек, уларнинг органлари мажлисларида Конституциявий суд ва Олий суд раисларининг иштирок этиши; Конституциявий суд ишлари юритилаётганда Қонунчилик палатаси Спикери, Сенат раисининг иштироки ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.
Таъкидланганидек, кўпчилик ривожланган демократик давлатларда бўлгани каби мамлакатимиз суд ҳокимияти органлари тизими ва ваколатларини белгилаш, уларни таъсис этиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, парламент ваколатига киради. Юқорида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатига суд ҳокимияти эга эканлиги айтиб ўтилди. Демак, Конституциявий суд: Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди; Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди; референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради; Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради; Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради; Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади; конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади; фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоятини кўриб чиқади; Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни кўриб чиқади.
Конституциявий суднинг ҳужжати расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринли бўлади, Конституциявий суд чиқарган ҳужжатнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у қатъий ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, Конституциявий суднинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Олий Мажлис палаталари қарорлари устидан конституциявий назоратни амалга ошириши, яъни уларнинг Конституцияга мослигини аниқлаш ваколати билан таъминланганлиги давлат ҳокимияти тизимида мувозанатни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини кафолатлашнинг муҳим воситаси эканлигидан келиб чиққан, десак хато бўлмайди.
Шу ўринда, Конституциявий суд томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари нормаларига шарҳ бериш ваколатини келгусида кўриб чиқиш таклифини илгари сурмоқчимиз. Чунки, дунё амалиётида Конституциявий судлар томонидан фақат Конституция нормаларига шарҳ бериш институти мавжуд холос. Қонунлар нормаларига шарҳ бериш эса, мавжуд эмас. Биз, Қонунлар нормаларига шарҳ бериш бу Олий Мажлис томонидан амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлади, деган таклифни бермоқчимиз.
Конституциявий назорат институти аксарият демократик давлатларда амал қилади ва у дастлабки (қонун кучга кирмай туриб) ёки кейинги (қонун кучга кирганидан кейин) шаклларда амалга оширилиши мумкин.
Шуни эътироф этиш жоизки, авваллари мамлакатимизда конститиуциявий назорат институти кучга кирган қонун ҳужжатлари устидан амалга оширилган. Сўнгги йилларда Давлат раҳбари ташаббуси билан олиб борилаётган конституциявий назорат институтини такомиллаштиришга оид ислоҳотлар натижасида, ҳали кучга кирмаган қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини кўриб чиқиш амалиёти ҳам қонунчиликда жорий қилинди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 133-моддаси, 2-бандига мувофиқ, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди. Демак, бундан хулоса қиладиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам дастлабки, ҳам кейинги шаклда Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш ваколатига эга.
Шу ўринда муҳим бир масалага эътибор қаратиш лозим. Маълумки, Конституциявий суд Олий Мажлис палаталари қарорларининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш ваколатига эга. Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари қонун ҳужжатларидир”, деб белгиланган. Хўш, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари қонун ҳужжати бўлса, Конституциявий суд ушбу қарорларга шарҳ бериши мумкинми? Бизнингча, йўқ. Чунки, биринчидан, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари - қонун ости ҳужжати ҳисобланади, уларни қабул қилиш тартиби парламент томонидан қабул қилинадиган Ўзбекистон Республикаси қонунларини қабул қилиш тартибидан тубдан фарқ қилади. Масалан, Қонун, дастлаб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиб, Президент имзолаганидан кейин кучга киради. Олий Мажлис палаталари қарорларини қабул қилиш тартиби эса, ундай эмас, тамомила ўзгача.
Маълумки, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумида суд амалиётининг долзарб масалаларини кўриб чиқиши ва қонунчиликнинг қўлланилиши юзасидан тушунтиришлар бериш ваколатига эга. Қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар, ушбу тушунтириш берилган қонунчиликни қўллаётган давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир.
Суд ҳокимияти қарорларининг мажбурийлигидан келиб чиқиб, баъзи олимлар судларнинг бу ҳуқуқини қонун ижодкорлиги сифатида тан олиш лозим десалар, баъзи олимлар бунга йўл қўйиб бўлмаслигини, суд ҳокимияти органлари қонун ижодкорлиги ҳуқуқига эмас, балки нормаларни шарҳлаш ҳуқуқига эга экалигини таъкидлайдилар. Яна айрим ҳуқуқшунос олимлар суд ҳокимияти қонун нормаларига шарҳ бериши ва суд амалиётидан келиб чиқиб, тушунтиришлар бериши лозим, деб ҳисоблайдилар.
Бизнинг фикримизча, Ўзбекистон Республикаси Олий суди қонунчиликнинг қўлланилиши юзасидан тушунтиришлар берганда, янги норма ҳосил бўлишига йўл қўймаслиги керак. Агарда шундай ҳолат юзага келадиган бўлса, тушунтириш бермасдан, балки қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Келгусида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий судининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини янада такомиллаштириш ва судлар ташаббуси билан амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини кўриб чиқиш зарур бўлади. Бунда судлар томонидан амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасидаги таклифларни ўрганиш, умумлаштириш, улар бўйича илмий хулосалар тайёрлаш мақсадида илмий конференциялар, давра суҳбатлари ўтказиш керак. Бунда асосий эътибор қонун ҳужжатларини такомиллаштириш зарурати асослантирилиши ва керакли таклифлар ишлаб чиқилиши зарур деб ҳисоблаймиз. Янада аниқ айтганда, қонун чиқарувчи ҳокимият ва суд ҳокимияти ўртасида қонун ижодкорлиги масалалари, амалдаги қонунларни такомиллаштириш бўйича таклифлар, дастлаб, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти хуузуридан бошланиши керак. Албатта, юқоридаги таклифлар бизнинг шахсий фикр-мулоҳазаларимиздир. Бироқ, Конституция устунлиги таъминлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш парламент ва суд ҳокимиятини тўғридан-тўғри вазифаси ҳисобланади.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан илгари сурилган инсон қадрини улуғлаш ва уни рози қилишдек олий мақсадни рўёбга чиқаришга барчамиз бирдек масъул эканлигимизни асло унутмаслигимиз керак.
Абдуманноб Рахимов,
Рахат Исмайлов,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий судининг судьлари.
ЎзА