Конституция тарғиботига бағишланди
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган турли давра суҳбатлари, учрашув ва тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ташвиқот тадбирларининг навбатдагиси Ховос туманида очиқ осмон остида “Инсонга фаровонлик, жамиятга эркинлик, давлатга масъулият!” шиори остида ташкил қилинди. Унда OʻzLiDeP Сирдарё вилояти Кенгаши раҳбари Ш.Бозорбоева, партиянинг туман Кенгаши раҳбари Б.Ўралов, партиянинг туман Кенгаши депутати Т.Раззоқов, маҳалла фахрийлари ва ёшлар иштирок этди.


Асосий қонунимиздан ўрин олаётган нормалар мамлакатимизнинг бугуни ва эртаси учун улкан аҳамиятга эга. Жамиятимизни либераллаштириш, демократлаштириш тарафдори бўлган O‘zLiDeP ҳозирги жараёнларда “Биз очиқлик ва ошкораликни танлаймиз!”, “Биргаликда очиқ жамият сари!” каби шиорларни ҳам илгари сурмоқда. Сиёсий кучнинг ғоят фаоллиги нафақат конституциявий ислоҳотларнинг ташаббускорларидан бири эканлиги билан, балки асосий қонун такомиллаштирилиши асосида турувчи ғоялар партия дастурий қарашларига ҳамоҳанг эканлиги таъкидланди.


Нотиқлар қайд этганидек, ҳужжатда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига бир қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда. Умуман давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробарга ошмоқда. Илк маротаба давлат зиммасига аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёт сифатини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шароитлар яратиш чораларини кўриш мажбурияти юкланмоқда.


Тадбирда партия фаоллари, тадбиркор ва ишбилармонлар, фахрийлар ва ёшлар ҳам сўзга чиқиб, халқимиз тақдири ва эртанги кунини белгилаб берадиган тарихий қонунга бефарқ бўлмасдан 30 апрелда бўлиб ўтадиган референдумда янгиланаётган конституция учун овоз беришга чақирди. Тадбир концерт дастурига уланди, эстрада хонандаларнинг куй-қўшиқлари қатнашчиларга завқ улашди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА