Конституция – тараққиёт ва адолат пойдевори
Ҳар бир давлат тараққиётининг муайян босқичида Бош қонунини замон талаби ва халқ эҳтиёжидан келиб чиқиб ўзгартириши ёки унга қўшимчалар киритиши мумкин.
Маълумки, ривожланган мамлакатлар Конституциялари ҳам халқ иродаси ва талаби билан бир неча бор ўзгарган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётимизнинг деярли барча жабҳаларини қамраб олди ҳамда ҳар бир соҳага янгича ёндашув ва руҳ олиб кирмоқда.
Айни пайтда юртимизда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда аниқ мақсадли 14 та таклифлари илгари сурилди. Айтиш мумкинки, мазкур таклифларнинг барчаси инсон ва унинг манфаатларига, ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатига қаратилганлиги билан ғоят муҳим ва аҳамиятлидир. Дарҳақиқат, бугун конституциявий ислоҳотлар – янги давр талабига айланди.
Чунки бугунги халқимиз – кечаги халқ эмас. Бугунги Ўзбекистон ҳам – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугун биз одамлари ҳар томонлама эркин ва фаровон яшайдиган янги давлатни барпо этишдек улуғ бир мақсад йўлида яшамоқдамиз. Бундай қудратли сафда бўлишнинг ўзи эса ҳар биримиз учун улкан бахт ва бениҳоя катта шарафдир.
Бугун кўча-кўй, ижтимоий тармоқлар, илмий доиралар ва энг асосийси, юртдошларимизнинг ҳар бир ўзаро дийдорлашув онларида ҳам айни масала бош мавзуга айланиб бўлди. Муҳокамлар жараёнини кузатиб, халқимиз ўз тақдирини ўзи ёзмоқда, деган тугал ишончга келиш мумкин. Деярли ҳар бир моддага кўплаб таклифлар келиб тушаётгани фуқароларнинг ўз тутган позициясида мустахкам эканлигини, уларнинг сиёсий қарашлари, ижтимоий фаоллиги сезиларли ўсганини кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбари айтиб ўтганидек, Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи халқдир. Шундай экан, халқнинг фикр-мулоҳазаларини эшитиш, муҳим масъулиятли паллада дахлдорлик ҳиссини ошириб, фуқаролик бурчини бажаришга кўмаклашиш зарур. Халқимиз Асосий қонунимизда ўз орзу-умидлари, истаклари, фаровон ҳаётининг ҳуқуқий асосини кўра олиши керак.
Конституцияда асосий эътибор давлат ва ижтимоий тузумга эмас, балки инсон манфаатларига қаратилган. Асосий қонунда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари мазмунини бевосита очиб берувчи 34 та модда мавжуд. Унинг муқаддимасидан тортиб, якунловчи қоидаларига қадар инсон тўғрисида, фаровонлиги ҳақида ғамхўрлик ғоялари сингдирилган. Айниқса, Ватанимиз келажаги бўлган ёшлар масаласида Конституцияда пухта ва мукаммал нормалар келтирилган.
Конституцияга ўзгартириш киритиш билан биз Ўзбекистон келажагини, янгитдан барпо этилаётган давлатимизнинг чуқур мазмуни, маъно ва моҳиятини, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар ва маънавий тараққиётнинг, юртимиз қиёфасини, унинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузини тубдан ўзгартириб юборган мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг пировард мақсадларини аниқ-равшан белгилаб оламиз.
Алишер ТАНГРИЕВ,
ЎзДЖТСУ Яккакураш спорт турлари
факультети декани, доцент