Конституция – келажагимиз кафолати
Андижон вилояти Избоскан туманида “Конституция – келажагимиз кафолати” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.
Избоскан тумани адлия бўлими томонидан ташкил этилган семинарда ҳуқуқшунослар, оила ва хотин-қизлар бўлими мутахассислари, тумандаги 63 та маҳаллада иш олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари, ёшлар иштирок этди.

Семинарда янгиланаётган Конституция бутун жамиятни Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси атрофида жипслаштириши, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлар, илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги таъкидланиб, ҳуқуқшунослар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди.
— Қонун лойиҳасида жамиятнинг барча қатлами вакиллари манфаатлари инобатга олинган, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Назирахон Қобилова. – Энг муҳими, ҳужжатда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг тегишли қарорларига мувофиқ, жорий йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдуми ўтказилиши белгиланган.

Семинарда юрт равнақи, порлоқ келажагини таъминлашга хизмат қилувчи янгиланган конституция лойиҳасини қабул қилиш бўйича ўтказиладиган референдумда ҳар бир юртдошимиз фаол иштирок этиши муҳим эканлига таъкидланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА