Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция кафолати: мустаҳкам оила – барқарор жамият асоси

-

Оила институтини мустаҳкамлаш ва унинг ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Янгиланган Конституцияда оилавий муносабатларни тартибга солишга оид нормалар кенгайтирилиб, давлатнинг ушбу соҳадаги мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилди.

Янги конституциявий нормалар оила институтининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб, унинг барқарор ривожланиши ва давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъминлайди. Бу ўз навбатида мамлакатимиз ҳуқуқий тараққиётида, айниқса, оилавий муносабатларни тартибга солишда муҳим қадам ҳисобланади.

Маълумки, оила – жамиятнинг асосий ва таянч бўғини ҳисобланади. Ушбу тамойил аксарият давлатларнинг миллий ҳуқуқ тизимида устувор ўрин эгаллайди ва Ўзбекистонда ҳам узлуксиз ривожланиб келмоқда. Замонавий жамиятда оила институтига бўлаётган турли хавф ва таҳдидлар кучайган. Ижтимоий ўзгаришлар шароитида оила, унинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Конституциявий ислоҳотлар натижасида давлатнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди, шу билан бирга оила, оналик, оталик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ислоҳотлар оила институтининг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Хусусан, янги таҳрирда оилага доир нормалар мазмунан кенгайтирилди ва аниқлаштирилди. Конституциянинг 76-моддасида:

“Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлади. Никоҳ Ўзбекистон халқига хос анъанавий оилавий қадриятлар, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида тузилади. Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитларни яратади”, – деб белгилаб қўйилган.

Мазкур норма оилавий муносабатларни фақат шахсий масала сифатида эмас, балки давлат ва жамият манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий институт сифатида эътироф этади.

Конституциянинг 77-моддасида ота-оналарнинг бурч ва масъулияти аниқ ифодаланган. Унга кўра, ота-оналар фарзандларини вояга етгунга қадар боқиш, уларни соғлом ва баркамол ривожланишини таъминлашга мажбурдир.

Шу билан бирга, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатланган. Бу норма ижтимоий адолат тамойилининг амалдаги ифодасидир.

Конституциянинг 78-моддасида болаларнинг ҳуқуқий тенглиги мустаҳкамланган. Болалар келиб чиқиши ва ота-онасининг фуқаролик ҳолатидан қатъи назар қонун олдида тенгдир. Давлат эса уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жисмоний, ақлий ва маданий ривожланиши учун энг мақбул шароитларни яратиш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Шунингдек, оилавий тарбия устуворлиги; оналик ва оталикни давлат томонидан муҳофаза қилиш; ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш каби муҳим тамойиллар конституциявий даражада мустаҳкамланди.

Конституциянинг 80-моддаси эса, оилавий муносабатларда ўзаро масъулият принципини белгилайди. Унга мувофиқ, вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналарига ғамхўрлик қилишга мажбурдир.

79-моддада ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва маънавий камолоти учун шароит яратиш давлат ва жамиятнинг устувор вазифаси сифатида белгиланган. Бу ўз навбатида, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш сиёсати билан узвий боғлиқдир.

Янги конституциявий нормалар:

– оилавий қонунчиликни такомиллаштириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди;

– оилаларни турли ҳаётий вазиятларда ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтирди;

– оила аъзолари ўртасидаги ўзаро мажбуриятлар тизимини аниқ белгилади;

– инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга мувофиқликни таъминлади.

Янги конституциявий нормалар Оила кодексини такомиллаштириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш” тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокамаси бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, Қонун билан Оила кодекси, шунингдек, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, оилавий муносабатлар, никоҳ, ажрашиш тартиби ҳамда турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низоларга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. 

Биринчидан, оилавий тарбия устуворлиги янада кучайтирилади;

Иккинчидан, алимент мажбуриятларини ижро этиш механизмлари такомиллаштирилади;

Учинчидан, оилавий низоларда медиация институти кенг жорий этилади;

Тўртинчидан, оилавий (маиший) зўравонлик жиноятидан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниш чоралари кучайтирилади.

Бешинчидан, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ тузатишлар киритилмоқда.

Мазкур йўналишлар бежиз танланган эмас. Амалиётда оилавий низолар сонининг ортиши, алимент мажбуриятларининг ўз вақтида ижро этилмаслиги, маиший зўравонлик ҳолатлари ҳамда никоҳдан ажралишлар кўпайиши ушбу соҳада ҳуқуқий механизмларни қайта кўриб чиқиш заруратини кўрсатди. Шу нуқтаи назардан, оилавий тарбия устуворлигини кучайтириш, медиацияни кенг жорий этиш ва болалар ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини мустаҳкамлаш амалдаги муаммоларга ҳуқуқий ечим сифатида намоён бўлмоқда.

Бундан ташқари, мазкур ўзгартишлар оилавий муносабатларни тартибга солишда тизимли ёндашувни шакллантириб, Оила кодексини замонавий ижтимоий талаблар асосида такомиллаштириш, эҳтимолий янги таҳририни ишлаб чиқиш учун ҳуқуқий замин яратмоқда. Яъни, айрим нормаларни қисман ўзгартириш эмас, балки оилавий қонунчиликни комплекс равишда қайта кўриб чиқиш зарурати яққол намоён бўлмоқда.

Шу билан бирга, қонунчилик халқаро ҳуқуқ нормалари билан уйғунлаштирилмоқда. Бу, айниқса, болалар ҳуқуқларини таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инклюзив муҳитни шакллантириш масалаларида ўз ифодасини топади.

Шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳда масъулиятли муносабатни тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2025 йил 1 ноябрь куни Сенатнинг ялпи мажлисида парламент сўрови юборилиши кўриб чиқилди, жорий йилда эса, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ташаббуси билан “Оила ва никоҳ — муқаддас” мавзусида семинарлар ва ўқув тадбирлари ташкил этилди. Уларнинг асосий мақсади – оила фаровонлигини таъминлаш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрнини кучайтириш ва миллий қадриятлар асосида барқарор оила муҳитини шакллантиришдир.

Ҳозирда, оила муносабатларини тартибга солувчи 20 та қонун, Президентнинг 32 та фармони ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 45 та қарори қабул қилинган. Янгиланган Конституцияда давлатнинг, оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамлаб қўйилган.

Жумладан, низоли оилалар билан индивидуал ишлаш дафтари, “Оқила аёллар” ҳаракати ва маҳалла институти ҳамкорлигида оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича мақсадли ишлар йўлга қўйилган. Суд органлари тизимида ҳам инновацион ёндошув жорий қилиниб, “Оила судялари” институти тажриба сифатида амалга киритилган. 

Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституция оила институтининг ҳуқуқий мақомини тубдан мустаҳкамлади. У нафақат оиланинг устуворлигини эълон қилди, балки унинг барқарорлиги, ижтимоий ҳимояси ва ривожланиши учун аниқ конституциявий кафолатларни белгилади.

Мазкур нормалар амалда тўлиқ ишлаши учун соҳавий қонунчилик, хусусан, Оила кодексини замонавий ижтимоий муносабатлар талабларига мувофиқ равишда такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда. Конституциявий ислоҳотлар оилавий қонунчиликни тизимли равишда қайта кўриб чиқиш, уни халқаро стандартлар ва миллий қадриятлар уйғунлиги асосида такомиллаштириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди.

Демак, бугунги босқичда асосий вазифа — конституциявий нормаларни амалий механизмлар билан таъминлаш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини бир хиллаштириш ва ҳар бир оиланинг ҳуқуқий ҳимоясини реал кафолат даражасига олиб чиқишдир. Фақат шундагина оила жамиятнинг ҳақиқий таянч бўғини сифатида барқарор ривожланишга хизмат қилади.

УМИДА ЮЛДАШБЕКОВА,

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

судининг Экспертлар гуруҳи катта эксперти,

ЎзА