Маълумки, Конституция барча жамиятларда олий ҳуқуқий мақомга эга бўлган ҳужжат сифатида эътироф этиб келинади.
Бу бежиз эмас, албатта. Чунки конституция давлат сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётининг асосларини белгилаб беради, фуқароларнинг эркинликлари ва ҳақ-ҳуқуқларини ифодалайди. Шу боисдан барча мамлакатларда ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишига, унда акс эттирилган норма ва қоидаларнинг рўёбга чиқарилишига алоҳида эътибор қаратилади.
Ўзбекистонда ҳам мамлакат Конституцияси фуқаролар томонидан инсон эркинликлари ва ҳақ-ҳуқуқларини таъминлайдиган, жамият ва давлат тараққиёти учун пойдевор яратадиган, жамият аъзоларининг муносиб турмушини қарор топтиришга хизмат қиладиган муҳим ҳуқуқий ҳужжат сифатида қадрланади.
Масаланинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳар қандай жамиятда Конституция ижтимоий тараққиёт суръатларига таъсир кўрсатадиган муҳим манба, тараққиёт мўлжалларини белгилаш имконини берадиган маёқ вазифасини ҳам ўтамоғи даркор. Бунинг учун эса мазкур ҳуқуқий ҳужжат жамиятда кечаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий-маданий жараёнлардан бир қадам олдинда бўлмоғи, жамият аъзоларини ортидан эргаштирмоғи лозим. Жамият эҳтиёж ва манфаатлари, ижтимоий тараққиёт шиддатли суръатларидан ортда қолаётган Конституция ривожланиш омилига эмас, турғунлик манбаига айланади.
Шу сабабдан ушбу ҳақиқатни чуқур ҳис этган мамлакат Президенти асосий ҳужжатга муайян ўзгартиришлар киритиш ташаббусини илгари сурди. “Тараққиёт стратегиясида ўз аксини топаётган, адолатли ва халқпарвар давлат барпо этишда муҳим аҳамият касб этадиган вазифаларни амалга ошириш учун, деб таъкидлайди у, – аввало, янги Конституциявий макон ҳамда янада мустаҳкам қонунчилик базаси керак бўлишини, ўйлайманки, барчамиз яхши тушунамиз. Шу маънода, Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим вазифага айланмоқда”.
Давлат раҳбари илгари сураётган ташаббуслар моҳиятини жамиятимизда кечаётган ижтимоий жараёнлар контекстида таҳлил қилсак, уларнинг нақадар жиддий аҳамиятга моликлигига амин бўламиз. Масалан, мамлакатимизда узоқ йиллар давомида биринчи навбатда давлат олдида турган вазифа ва муаммоларни ҳал қилиш, ижтимоий жараёнларга давлат манфаатлари нуқтаи назаридан ёндашиш, шундан сўнггина жамият ва инсон турмуши билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратиш амалиёти ҳукм сурди. Шу сабабдан амал қилиб келаётган барча ҳуқуқий ҳужжатларда давлат манфаатлари устуворлиги кўзга ташланади. Кейинги йилларда эса “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили ислоҳотларнинг бош қоидасига айлантирилди. Келажакда ушбу тамойил асосида амалга ошириладиган ўзгаришлар тенденциявий тус олиши учун энг аввало “инсон – жамият – давлат” тамойилини конституцион норма сифатида мустаҳкамламоқ даркор.
Бугунги кунда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг бош мезони сифатида инсон манфаатлари эътироф этилмоқда. Давлат органлари амалга ошираётган барча саъй-ҳаракатлар инсон манфаатларини қондириш, унинг турмуши фаровонлигини оширишга қаратилмоқда. Кишиларнинг кундалик ташвишларига қулоқ тутиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга алоҳида эътибор бериш одатий воқеликка айланмоқда. Ушбу жараёнларнинг давомийлиги ва узвийлигини таъминлаш учун эса мамлакатда инсон манфаатлари устуворлигининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш зарур. Чунки бусиз Ўзбекистонда халқпарвар давлат барпо этиб бўлмайди. Шу муносабат билан Конституциянинг шахсий ҳуқуқларга бағишланган 24-42-моддаларини барча ижтимоий жараёнлар марказида инсон манфаатлари туриши кераклигини белгиловчи модда билан тўлдириш зарурияти пайдо бўлмоқда.
Фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлашга доир ташаббус ҳам бағоят аҳамиятли. Маълумки, мустақилликдан кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий тамойилларидан бири “Давлат – бош ислоҳотчи” тамойили бўлди. Бундай ёндашув ислоҳотларнинг дастлабки босқичида муайян самара берди, албатта. Бироқ кейинги босқичларда у фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий жараёнлардаги иштирокини чеклаб қўйди. Конституцияда фуқаролик жамияти институтлари мақоми ва функцияларининг аниқ белгиланмагани (Асосий қонунимизнинг 56-моддасида қайси уюшмалар жамоат бирлашмаси сифатида тан олиниши кўрсатилган, холос) вазиятни ўзгартиришга имкон қолдирмади. Натижада бу институтлар ўз ташаббуслари билан жамият ҳаётида иштирок этмай қўйди, уларнинг ижтимоий фаоллиги сусайди. Бинобарин, уларнинг ижтимоий жараёнлардаги иштирокини фаоллаштириш учун энг аввало “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойилини жорий этиш, Конституцияда фуқаролик жамияти институтлари мақомини аниқ белгилаб қўйиш тақозо этилмоқда.
Кейинги йилларда жаҳонда оила институтини заифлаштирувчи, миллий қадриятларнинг ижтимоий позициясига салбий таъсир кўрсатувчи, миллатлараро тотувликни емирувчи омиллар кўпаймоқда. Бу ҳолат мамлакатимизда оила институтини салбий омиллардан ҳимоя қилишга, миллий қадриятларни эъзозлашга, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ижтимоий механизмларни Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйиш масаласига долзарб тус бермоқда. Шу муносабат билан амалдаги Конституциянинг оилани жамиятнинг асосий бўғини сифатида эътироф этувчи 63-66-моддаларини янада такомиллаштиришни, миллий қадриятлар мавқеини ҳимоя қилувчи ижтимоий механизмлар билан боғлиқ янги модда киритишни, барча фуқароларнинг миллатидан қатъи назар қонун олдида тенглигини маълум қилувчи 18-моддани миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган норма билан тўлдиришни ижтимоий воқеликнинг ўзи кўрсатмоқда.
Давлат раҳбари фарзандларимиз Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида майдонга чиқаётганини бот-бот такрорлайди. Дарҳақиқат, бугунги ёшлар жамият иқтисодий ва сиёсий тараққиётига таъсир кўрсатувчи, ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этувчи, жамиятдаги турмуш тарзини белгиловчи, жамиятнинг маънавий хавфсизлигини таъминловчи қудратли кучдир. Бинобарин, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари нақадар тўла таъминланса, ижтимоий тараққиёт суръатлари ҳам шу қадар баланд бўлади. Бироқ, тан олиш зарурки, амалдаги Конституцияда ёшларнинг ҳуқуқ ва бурчлари тизимли равишда белгилаб берилмаган. Янги таҳрирда ушбу бўшлиқнинг тўлдирилиши йигит ва қизларнинг ижтимоий жараёнларда иштирокини ниҳоятда фаоллаштирган бўларди.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистон стратегияси доирасида мамлакатда ижтимоий давлат барпо этиш вазифаси кун тартибига қўйилмоқда. Чунки жамият манфаатларига хизмат қиладиган давлатни шакллантирмасдан туриб, ижтимоий адолат норма ва тамойиллари устуворлигини таъминлаб бўлмайди. Мазкур зарурият Конституцияда “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилини конституциявий қоида сифатида мустаҳкамлашни тақозо этмоқда. Айни пайтда масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Ижтимоий давлат барпо этиш мақсадининг қўйилиши болалар, ногиронлар, кексалар ҳуқуқлари муҳофазаси билан боғлиқ конституцион нормаларни ишлаб чиқишни ҳам талаб қилади. Чунки ижтимоий давлат барча аҳоли қатламларининг, айниқса алоҳида эътиборга муҳтож тоифаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминловчи давлат шаклидир. Шу муносабат билан Конституциянинг 9-бобини тегишли моддалар билан тўлдириш зарурияти ҳам юзага келмоқда.
Президентимиз яна бир масалага эътиборни қаратади. ХХI асрда экологик муаммолар умумбашарий тус олди ва мамлакат хавфсизлигига бевосита таҳдид соладиган омилга айланди. Ҳолбуки, экологик муаммоларга эътиборсизлик мамлакат иқтисодий салоҳиятининг заифлашишига, кўзланган сиёсий мақсадларга эришиш имкониятларининг камайишига, кишилар турмуш даражасининг ёмонлашувига олиб келиши мумкин. Амалдаги Конституциянинг 55-моддасида ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик эканлиги, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги, улар давлат муҳофазасида эканлиги таъкидланган. Бугун ушбу моддани Ўзбекистоннинг экологик глобаллашув шароитидаги экологик сиёсати мақсад-муддаоларини, жамият аъзоларининг экологик масъулиятини ифодаловчи қоидалар билан такомиллаштириш зарурияти пайдо бўлмоқда.
Мамлакатимизда Учинчи Ренессанс асосларининг барпо этилаётгани ҳам Асосий қонун миқёсида мустаҳкамланиши лозим бўлган нормаларга эҳтиёжни шакллантирмоқда. Хусусан, боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳалари Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси сифатида эътироф этилмоқда. Амалдаги Конституцияда эса боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳалари билан боғлиқ нормалар ўз ифодасини топмаган. Бу ҳолат Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни ҳуқуқий асоссиз қолдиради. Айнан шунинг учун Конституциянинг янги таҳририни тайёрлаётганда мазкур масалаларга ҳам диққатни қаратиш керак бўлади.
Мамлакат Президенти ташаббуслари, кенг жамоатчилик таклифлари асосида Конституциянинг такомиллаштирилиши уни том маънода тараққиёт манбаи ва маёғига айлантириши шубҳасиз. Шунинг билан бир қаторда, қуйидаги таклифларга ҳам диққатни жамлаш керак, деб ҳисоблаймиз:
Биринчидан, Конституциянинг янги таҳририда жамиятнинг ижтимоий соҳаси субъектлари, шахслараро муносабатлар билан боғлиқ нормаларни кучайтириш зарур. Хусусан, таълим ва тиббиёт муассасалари, фуқароларнинг ижтимоий таъминоти билан машғул ташкилотлар, спорт ва маданият масканлари, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, кишиларни озиқ-овқат маҳсулотлари, транспорт ва алоқа хизматлари билан таъминловчи муассасалар фаолиятининг асосини ташкил қилувчи конституцион нормалар белгиланиши лозим.
Иккинчидан, Конституциянинг янги таҳририга жамият маънавий ҳаёти, хусусан маънавий ишлаб чиқариш жараёни, миллий ғоя ва мафкура билан боғлиқ конституцион нормаларни киритиш керак. Шунингдек, ижтимоий-маънавий муҳит асослари, миллий маданият ва маънавий қадриятларни асраш механизмлари эътироф этилмоғи даркор.
Учинчидан, Конституциянинг янги таҳририда “мамлакат хавфсизлиги” тушунчасини бир қадар кенгроқ талқин қилиш мақсадга мувофиқ. Жумладан, шахс хавфсизлиги, жамият хавфсизлиги, давлат хавфсизлиги асослари алоҳида-алоҳида ифодаланиши мақсадга мувофиқ. Бундай ёндашув глобаллашув шароитида мамлакат хавфсизлигини таъминлашдек стратегик масалани тизимли равишда талқин қилиш имконини беради.
Таъкидламоқ даркорки, мамлакат Асосий қонунига ўзгартиришлар киритиш жараёнининг бошланаётгани жамият аъзолари олдида муайян вазифаларни қўймоқда. Бугунги кунда барчамиздан мазкур жараёнларда фаол иштирок этиш, асосий ҳужжатга киритиладиган ўзгартишлар юзасидан ўз фикрини билдиришни фуқаролик масъулияти сифатида қабул қилиш талаб этилмоқда. Биз барча ватандошларимизни ушбу муҳим ижтимоий жараёнда астойдил қатнашиб, ўз фуқаролик бурчини муфассал адо этишга чақириб қоламиз.
Дилмурод Набиев,
Қарши давлат университети ректори, профессор,
ЎзА